Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий қисми тезликни меъёридан ошириш билан боғлиқ бўлаётгани сабабли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланди. Тегишли йўл белгилари ўрнатилиб, кўчаларда ўрнатилган махсус мосламалар ҳам транспорт воситаларининг тезлигини аниқлашда чекланган тезликка мослаштирилгандан сўнг тезликни оширганлик учун жаримага тортишлар бошланди. 

Эътибор бериб қаралса, муқаддас динимизда ҳам йўл ҳаракати қоидаларига ижтимоий қоидалар сифатида қаралганини ва унга риоя қилишга буюрилганини кўриш мумкин. Яъни, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш шариатнинг қуйидаги учта мақсадларига етишга хизмат қили­ши таъкидланган: ҳаётни сақлаш, авлодни сақлаш ва мулкни сақлаш.

Транспорт воситасини бошқа­ришда риоя этилиши лозим бўлган кўплаб одоблар мавжуд. Энг муҳим вазифа – инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиши лозим бўлади. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, шариатда ҳам рухсат этилгандан юқори тезликда ҳаракатланиш оқибатида рўй берган бахциз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи шаръий жиҳатдан ҳаддидан ошган ва ўз жонига қасд қилган мақомида бўлади.

Таассуфки, айрим жойларда транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланган бўлса-да, баъзи ҳайдовчиларимиз қуюшқондан чиқиб, шамолдек учиб ҳаракатланишади. Натижада автоуловни бошқара олмай Йтҳга учрайди ёки бир бегуноҳ инсоннинг ҳаётига зомин бўлади. Кейинги пайтларда мана шундай ҳайдовчиларни «Йўлдаги қотиллар» дея номлашмоқда. Ҳақиқатан ҳам, бу тоифадаги кимсалар бировнинг ҳаётини зиғирча ҳам ўйлашмайди. Йўқса, тез­лик педалини бу қадар охиригача босмаган бўлишарди.

Шунингдек, ҳайдовчиларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданияти­га эга эмаслиги, бир-бирини ҳурмат қилмаслиги, кераксиз ҳолатларда сигнал чалавериб бошқаларнинг ҳам асабига тегишига кўзимиз тушиб қолади. Ёки бўлмаса, ЙТҲ содир этилганида икки томон ҳам бир-бири­ни ҳақорат қилиб, ҳатто ёқалашиб кетиш ҳолатлари учраб турибди. 

Ҳайдовчилар билан бир қаторда, пиёдалар ҳам ўз мажбуриятларига амал қилишса, кўплаб бахциз ҳодисаларнинг олди олинган бўлар эди. Негаки, кейинги пайтларда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодиса­ларини таҳлил қилиб чиқсак, пиёдалар иштирокида содир бўлаётган турли кўнгилсизликлар сони тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Яъни айрим пиёдалар йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтиши натижасида транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит қилиши оқибатида тўқнашувлар юз бериши кузатил­моқда. Энг ачинарлиси, транспорт воситасининг беихтиёр уриб юбориши натижасида юртдошларимиз ҳаётдан кўз юммоқда, баъзиларининг бир умр­га майиб-мажруҳ бўлиб қолишига олиб келмоқда.

ЙПХ инспекторлари томонидан жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирлар давомида пиёдаларни ҳушёрликка чорлаб, уларга хавфсиз юриш талаблари тушунтириб бориляпти. Ана шундай тадбирларда қоидабузар пиёдалар билан ҳам профилактик суҳбатлар олиб борилганида, уларнинг аксарияти, «Шошиб тургандим», «Билмай қолибман», деб ўз қилмишларини хаспўшлашга интилади. Улар назарида арзимасдек бўлиб кўринган бу хатолар пировардида жуда катта фожиаларга сабаб бўлувчи ҳалокатларни кел­тириб чиқариши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Кўза кунда эмас, кунида синади. Бахцизлик ҳам эҳтиёцизлик қилинган вақтда содир бўлади.

Вазият шу даражага етяптики, бу масалага давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида эътибор қаратяпти. Яқинда Фарғона вилоятида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент 48 фоиз Йтҳларнинг сабаби йўл инфратузилмасидаги кам­чиликлар ҳисобига келиб чиқаётганлигини таъкидларкан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар қониқарли эмаслигини айтиб ўтди. Масалан, ўтган олти ойнинг ўзида 4 мингга яқин автоҳалокат содир этилиб, 873 нафар шахс вафот этган, 3,5 мингдан ортиғи жароҳат олган. «Вазиятни яхшилаш бўйича «Ўзавтойўл» ва ҳокимликларнинг масъулияти умуман сезилмаяпти. Улар фақат асфалт ётқизиш билан ово­ра, ҳаракат хавфсизлиги эса эътибордан четда қолиб кетган», – деди давлатимиз раҳбари.

Шу муносабат билан мутасаддиларга муҳим топшириқлар берилиб, келгусида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида» тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш йўлга қўйилиши таъкидланди.

Энди йўлдаги дислокация тушун­часидан воз кечилиб, барча йўл-патрул хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилади. Энг хавфли йўл ва чорраҳалар хари­тасини шакллантириб, уларни тартибга солиш учун: нечта светофор ёки қанча узунликдаги йўл тўсиқлари керак; қайси ҳудудларга ер усти ва ер ости пиёда йўлаклари зарур; ҳаракат хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдираётган «яма» ва «гармошкалар»ни таъмирлаш учун қанча маблағ зарур, деган саволларга аниқ ҳисоб-китобларини бериш топширилди.

Мутасаддилар ва барча вилоятлар ҳокимларига бир ой муддатда консултантларни жалб қилиб, ҳудудидаги энг хавфли йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш лойиҳасини бошлашга кўрсатма берилди.

Хулоса қилиб айтганда, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш фақатгина йўл-патрул хизмати инспекторларининг ёки бошқа тегишли ташкилотларнинг иши эмас. Бунга бутун халқимиз жиддий эътибор қаратиб, жамоатчилик назорати кучайтирилса, албатта, кўзлаган мақсадларимизга эришамиз.

Сарвар СОБИРОВ 

тайёрлади.