Жадидлар изидан

Жадидлик ҳаракати, хусусан, жадид адабиёти тарихига собиқ иттифоқ даврида турлича ёндашув билан қаралди. Ўша пайтдаги мафкура корчалонлари бу ҳаракатни ғайриилмий равишда баҳолади. Бир неча авлодга ўз боболари «душман» сифатида танитилди. Аслида жадидлик ҳаракатининг асос-негизида миллат ва Ватан туйғуси, истиқлол ва истиқбол қайғуси мужассам. Шундай ғоя ва фикри учун жадидлар қамалди, сургун этилди, қатағон қилинди.

Жадидлик ҳаракати фаолларидан бири истеъдодли шоир ва жамоат арбоби – Боту (Маҳмуд Ҳодиев) эди. У ўзининг таржимаи ҳолида: «Мен Боту – Маҳмуд Мақсудович Ҳодиев 1904-йил 14-майда Тошкентнинг «Қалдирғоч» маҳалласида маҳсидўз – камбағал оиласида туғилганман…» деб ёзади. Бошланғич таълимни эски усулдаги мактабда олган Боту дастлаб Москвадаги Покровский номли институт қошидаги ишчилар факултетида (1921), сўнгра Москва давлат дорилфунунининг иқтисод факултетида ўқиб, олий маълумотли бўлиб етишади. Шундан кейин у ўша йилларда Республика пойтахти Самарқандга қайтиб, адабий ва ижтимоий фаолият билан машғул бўлади: партия ва давлат муассасаларида фаоллик кўрсатиб, ёшларнинг «Аланга» журналига муҳаррирлик қилади.

Адабиётга бўлган меҳр Ботуга онаси Зайниддин қизи Тўхтахондан ўтган. У ижодий фаолиятини 1920-йилларда бошлади. 1921-йилда «Фарғона» газетасида муҳаррирлик қилди.

1925-йили Тошкентда унинг «Умид учқунлари», шеърий тўплами нашрдан чиқади. Мана шу тўплам сабаб Абдурауф Фитрат шогирдига «Боту» адабий тахаллусини беради. 1929-йилда эса унинг «Тўлқинларим» шеърий тўплами чоп этилди. Тўпламларидаги шеърларида ёш шоирнинг самимий ва ҳаяжонли туйғулари ифода этилган.

Шунингдек, ҳикоялари, публицистик мақола ва очерклари «Билим ўчоғи», «Инқилоб», «Аланга», «Маориф ва ўқитувчи» сингари журналларда чоп этилади. Адибнинг болалар адабиётига бағишланган «Болалар ёлғони», «Менинг китобим» каби ҳикоялар тўплами ҳам мавжуд.

Ботунинг шеърларида порлоқ, озод келажак учун кураш асосий ғояга айланади. Хусусан, «Қўзғолиш», «Исён», «Бизнинг товуш», «У кун», «Ёш юрак тўлқинлари» каби ўнлаб шеърларида ҳаёт, кураш, келажак ту­шунчаси бош мавзудир. Бинобарин, шоир ўз юрти, эли осмонини мусаффо кўришни хоҳлайди:

Йиртилингиз, эй ярамас,

қора қалин пардалар,

Ҳеч ёвуқсиз юлдузларнинг

нурли юзи очилсин!

Йўқолингиз, ёруғликни

тўсатурган булутлар,

Юртимизга энг юксакдан

ёруғликлар сочилсин!

Ботунинг ижодий фаолиятига Москвадаги йиллар катта таъсир кўрсатди. У ерда Боту замонасининг етук адиблари Фитрат ва Чўлпонлар билан мунтазам алоқа қилиб турди. Ҳатто Чўлпон унинг ўғлига исм қўйиб берди. Фитрат уни адабиёт билан шуғулланишга ундагани ҳақида ўзининг тергов материалларида қайд этиб ўтган.

Шеърларида миллатни ривожланишга, илм олишга, маърифатга чақириқ етакчилик қилган. Ўзбекистон миллий энсиклопедиясида унинг жадидлар етукларидан бўлган Мунавварқори ижодидан илҳом олганлиги қайд этилган. Боту Ўзбекистонда араб алифбосидан лотин алифбосига ўтиш тарафдорларидан бири бўлган. У Туркистон ва Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этган. Шунинг учун ҳам унинг ишчилар факултетини тугатиб, Тошкентга қайтиши матбуотда катта шов-шув бўлган.

«Туркистон» газетасининг 1923-йилги 21-июл сонида «Ўртоқ Боту Туркистонга қайтди» сарлавҳали мақоласида қуйидагилар келтирилади: «Ёш шоиримиз ўртоқ Боту бу йил Московдаги биринчи ҳукумат дорилфунуни ишчилар факултетини битирди. Бу факултет Русия ўрта мактабларининг биринчиси саналадур… Қизил Русиядаги ишчи-деҳқонларининг ўрта мактабини битирган ўзбек ёшларидан ўртоқ Боту би­ринчигинадир. Ўртоқ Боту би­ринчи ҳукумат дорилфунунининг иқтисод факултетига ўқишга кирдики, келгусида иқтисодчиларимиздан бири бўлғусидир».

Кейинчалик иқтисод бўлимини тугатиб келганидан сўнг у ҳақда «Ер юзи» газетаси ҳам 1927-йил 18-сонида мақола чоп этади: «Боту Ҳодиев Московда давлат дорилфунунининг иқтисод факултасини яқинда битириб, Ўзбекистонга келди. Бу йил Ўзбекистонда ишлаб, диплом ишини бажаради. Ўртоқ Боту ҳозир Самарқандда Марказий фирқа қўмитасининг ихтиёридадир. Боту ўзбеклар орасида иқтисод факултасининг тўнғич боласидир».

Боту қайтганидан кейин сиёсий фаолиятга киришди. 1927-йилда Ўзбекистон компартиясининг марказий қўмитасида инструктор, Самарқанддаги марказий партия мактабида воиз ва раҳбар вазифасини бажарди. Кейин марказ­қўмнинг матбуот бўлимига мудир бўлди. Сиёсий фаолиятда компартиянинг бир қатор комиссиялари таркибида фаолият олиб борди.

Унинг сиёсий фаолияти ҳақида академик Наим Каримов қуйидагича фикр билдиради: «Шу йилларда республика раҳбарларининг умид кўзи Ботуга қаратилган эди. Улар Ботуни партиявий ишларда пишитиб, сўнг республика миқёсидаги юқори мартабаларга кўтариш ниятида эдилар. Унинг 1929-йил 28-августда Халқ маориф коммиссари ўринбосари этиб тайинланиши ҳам шу мақсаддаги дастлабки қадамлардан эди».

1930-йил 23-июлда Боту ўзи садоқат билан хизмат қилган ва катта ишонч билдирган тузум уни туҳмат билан қамоққа олди. Унга «Халқ маориф комиссарлигида аксилинқилобчи ва миллатчилар гуруҳининг раҳбари» деган жиддий айб қўйилди. Ёз ойида қамоққа олингани учун Москвага олиб кетилганида юпқа кийимларда бўлгани Ботунинг ўзи шундоқ ҳам дардманд баданига Россия совуғи жиддий хавф солади. Қамоқда ётганида бир неча бор айбсиз экани ҳақида ёрдам ва мурувват сўраб марказга хат ёзади. Лекин у ҳам миллат душмани тамғаси остида 1938-йил 8-майда Москвада отиб ташланган.

Боту Москвада ўқиб юрганида Валентина Петровна Василева билан танишиб турмуш қуради. Турмушидан бир ўғил ва бир қиз дунёга келади. Ўғлининг исми Эркли Ҳодиев, қизининг исми эса Наима Маҳмудова. Иккала фарзанди ҳам тиббиёт соҳасининг етук мутахассислари, тиббиёт фанлари доктори, профессор даражасини олган.

Боту миллийлик учун курашди ва қатағон қурбони бўлди. Ижодкорнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент кўчаларидан бирига ва мактабга Боту номи берилган.

 

Сарвар СОБИРОВ тайёрлади.