Маънавият ва маърифат дарси
Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош
Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқидан.
Келажак бунёдкорлари бўлган ёшларнинг бугунги таълим-тарбияси эртанги кунимизни белгилаб берувчи муҳим омилдир. Шу боис ҳам Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, ўз иқтидорини тўла-тўкис намоён қилиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бундан ташқари, уларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ҳимояси ҳам доимий диққат марказида. Кўриниб турибдики, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир.
Юртимизда 30 июн – Ёшлар куни деб эълон қилиниб, турли соҳа ва тармоқларда юксак натижаларга эришиб келаётган ёшларимиз учун «Мард ўғлон» давлат мукофоти, «Келажак бунёдкори» медали таъсис этилди.
Келажагимизнинг қандай қурилиши, қандай янгиланиш ва ўзгаришлар юз бериши ватанпарвар ёшларимизга бугун бераётган эътибор натижасига боғлиқ. Уларни фидойи, ватанпарвар, ҳам интеллектуал, ҳам жисмонан баркамол этиб тарбиялаш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган, бу саъй-ҳаракатлар замон талабларига мос равишда такомиллаштирилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган. Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган ҳужжати – 2016 йил 14 сентабрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун эканида ҳам рамзий маъно мужассам.
Қолаверса, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди.
Ўзбекистон раҳбари бугун дунё миқёсида ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб кетгани, халқаро терроризм ва экстремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллардан бири сифатида асослаб бериб, айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда, БМТ минбарида туриб Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенсиясини қабул қилиш таклифини илгари сурди. Қувонарлиси, бу халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинди.
Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, «Ёшлар дафтари» сингари бир-бирини такрорламайдиган тизимлар яратилди. Кам таъминланган ёки боқувчиси йўқ оилада улғаяётган ёшлар учун кам фоизли кредитлар ажратилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, касаначилик, чорвачилик ва шу каби кичик бизнес билан шуғулланишни истаган ёшларга туман ҳокимликлари томонидан амалий кўмак берилмоқда.
Ҳозирги глобаллашув замонида технологиялар барча учун бирдек қизиқ ва аҳамиятли бўлиб қолмоқда. Шу боис ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш долзарблигича қолмоқда. Илғор халқаро тажрибалар асосида барча ҳудудларда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилиши йўлга қўйилди.
Маънавият–инсонни камолотга етаклайдиган асосий куч. Ҳар бир бола келажакда маънавий комил инсон бўлиб шаклланишида ўсмирликда олган тарбияси, таълимининг аҳамияти беқиёс. Ёшларда китобхонлик кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида, янгидан-янги ташаббуслар амалга оширилиб, республика бўйлаб китобхонликка тарғиб қилувчи турли кўрик-танловлар, тадбирлар, фестиваллар ўтказиб келинмоқда.
Мухтасар айтганда, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади.
Шунингдек, ички ишлар органларида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ягона мақсад йўлида бирлаштириш мақсадида бугунги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ички ишлар вазирлигидаги жами 331 нафар бошланғич ташкилот етакчилари ва 1202 нафар сардорлари фаолият олиб бормоқда.
Ички ишлар органларида истиқболли ёш ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашда изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тизимда «Ёш раҳбар ходимлар» резерви шакллантирилиб, бугунги кунда жами 258 нафар ёш ходим турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилиб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёшлар қатламига юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.
Гули Нигор АВАЗОВА тайёрлади.
