Тергов изоляторининг зах ва қоронғи хонаси. Мирзаанвар Ҳайдаров, бир томондан, ноҳақ қамалгани, иккинчи томондан, яқинлари қай аҳволга тушганини ўйлаб, ич-ичидан эзиларди... 

Қама-қамалар буҳронида Тошкент шаҳридаги 3-сонли мева-саб­завот омбори директори қўлга олинади. Тергов давомида ўтказилган қийноқ ва босим остида у ички ишлар органларининг бир неча ходимига қарши кўрсатув беришга мажбур қилинади. Омбор директори ўша вақтдаги Фрунзе (ҳозирги Яккасарой) тумани ИИБ Иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими ходими М. Ҳайдаров комбинатга келган картошка ва олмалар бўйича ишни ёпиб юбориш, тафтиш олиб бормаслик ҳамда вазирлик текширувларини тўхтатиш каби ишлар эвазига катта миқдорда пора ҳамда олти қути апелсин олганлиги тўғрисида кўрсатув беради. Мазкур ишни тергов қилиш республика прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Шитовга топширилади. Терговчи М. Ҳайдаровни қоралаш мақсадида унинг сафдошларидан салбий тавсифнома йиғишни бош­лайди. Бироқ хизматдошлари ва раҳбарлари фақат илиқ фикрларни билдиришини кутмаган терговчи улардан қайта ва қайта қораловчи тавсифнома ёзиб беришни қатъий талаб қилади. Натижада 1985-йилнинг 23-сентабрида Мирзаанвар Ҳайдаров ҳибсга олинади. 

М. Ҳайдаров уч ой давомида жиноятчилар билан битта камерада ушлаб турилди. Лекин барча азобларга бардош берган лавҳамиз қаҳрамонини қабиҳ ниятли кимсалар иродасини синдира олишмади. 

1986-йилнинг март ойида унга нисбатан айблов хулосаси эълон қилинди ва июнъ ойида суд жараёни бошланди. Судда мажбуран кўрсатма берган омбор директори негадир қатнашмаётганлиги, терговга жалб қилинган бошқа фуқаролар ҳар хил кўрсатмалар бераётганлиги сабабли М. Ҳайдаровнинг адвокати ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вақт беришни сўрайди ва шу тариқа суд жараёнлари бир қанча муддатга қолдирилади. Август ойида иккинчи суд жараёнлари бошланади. Ноҳақлик­лар давом этгани ҳолда, 

М. Ҳайдаровга 8 йил қамоқ ҳамда мол-мулкини мусодара қилиш ва жарима жазоси тайинланади. Орадан маълум бир муддат ўтиб, бу иш Олий суд томонидан ўрганилади ва қарор бекор қилиниб, қайта кўриб чиқиш учун юборилади.

– Дастлаб турмуш ўртоғим қамоққа олинганидан хабаримиз бўлмаган, – дейди Наима опа. – Орадан бир кун ўтиб хонадонимизда тинтув ўтказиш учун келишгандагина барчасидан воқиф бўлганмиз. Собиқ иттифоқ Бош прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича гуруҳи келиб, эрим катта миқдорда пора олишда гумон қилиниб қамоққа олинганини айтишган. Кейинчалик бўлиб ўтган суд мажлисларида маълум бўлдики, ўша куни турмуш ўртоғимни тезлик билан мажлисга етиб келинг, деб алдов йўли билан чақиртириб қамоққа олишган экан. Мени ва турмуш ўртоғимнинг ака-

укаларини марказдан келган Бош прокуратура терговчилари сўроқ қилишган. Ўз тасдиғини топмаган, қуруқ туҳматдан иборат бўлган гап­лар билан бизни қўрқитиб, «эринг олий жазога ҳукм қилинади», деб руҳий босим ўтказишган. Бу ҳолат мен, фарзандларим ва барча яқинларимизга қаттиқ зарба бўлди, эсанкираб қолдик. Ўшанда катта фарзандим 6, иккинчиси 

5 ёш, учинчи ўғлим эса 10 ойлик чақалоқ эди.

Миллатимиз ғурурини синдириб, ўзбекни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлган разил, инсон деган номга нолойиқ кимсалар ўз мудҳиш ниятларига ета олмасликларига, ҳақиқат қарор топиб, адолат тикланишига умид билан яшаганмиз. Бир нечта суд раислари бошчилигида бўлиб ўтган кўплаб суд мажлисларида юқоридаги туҳмат ва бўҳтонлар ўз тасдиғини топмади. Кўрсатма беришга келган инсонларнинг барчаси турмуш ўртоғимга нисбатан қўйилаётган айбловлар асоссиз эканлигини таъкидлашган. 

Дарҳақиқат, адолат қарор топ­ди. Охирги инстансия судида 

М. Ҳайдаров жиноят таркиби ва жиноят воқелиги йўқлиги сабабли суд залидан озод қилиниб, унвонлари тикланиши ва қамоққа олинишига қадар эгаллаган лавозимидан паст бўлмаган лавозимга тайинланиши бўйича қарор эълон қилинди. 

– Бу биз учун, кўзларида қалқиган кўз ёшлари билан отажонларини бир кўришга зор бўлган фарзандлари учун, ўзбек миллатининг ғурури топталмаслигини истаган барча инсонлар учун чинакам байрам, адолат тантанаси бўлган эди, – дея сўзида давом этади Наима опа кўз ёшларини артаркан. – Бу ҳолатни сўз билан тарифлашнинг иложи йўқ, бу чинакам бахт, ёвузликнинг енгилиши эди. 

22 ой қамоқда сақланган Мирзаанвар Ҳайдаров 1987-йилда тўлиқ оқланиб, Олий суд судяси Набиев томонидан оқланади ва суд залидан озод этилади. 

 Ўз касбини севадиган юрт ўғлони хизматга қайта тикланиб, ишга шўнғийди. У Ҳамза тумани ИИБ ва Тошкент шаҳар Иибда бўлим бош­лиғи лавозимида ишлади. 

1997-йилда Юнус­обод тумани ИИБ бош­лиғи, 2002-йилда эса Чилонзор тумани ИИБ бошлиғи сифатида фаолиятини давом эттирди. Тинч­лик-осойишталикни таъминлаш, фуқаролар хавфсизлиги йўлида фидокорона хизмат қилган М. Ҳайдаров 2006-йилда иззат-икром билан полковник унвонидан пенсияга кузатилади. У ҳар қандай қийинчилик, заҳматларга қарамасдан, Ватанини ва халқини севгани, узоқ йиллик фаолияти давомида касбига содиқ бўлиб хизмат қилгани учун раҳбарият томонидан бир неча бор рағбатлантирилган. 

Бундай тиниб-тинчимайдиган, меҳнатда суяги қотган инсон пенсияга чиқса-да, уйида ўтириб қолиши мумкин эмас эди. Ҳамиша эл дардида юрган Мирзаанвар Ҳайдаров пойтахтимизнинг муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саро­йига директор лавозимига тайинланади. Бир неча йил маданият ва санъат аҳли билан ҳамкорликда хайрли ишларни амалга оширди. 

– Юнусобод тумани ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланганидан бош­лаб Мирзаанвар ака билан бирга фаолият юритганман, – дейди унинг ҳайдовчиси, истеъфодаги катта сержант Беркинбай Сайрамбаев. – Санъат саройига раҳбар бўлганининг илк кунида ҳамма ишчи-ходимларни йиғиб, бундан буёғига шу ерда ҳаммамиз бир оила бўлиб ишлаймиз, деган эди. Бундан барча ходимлар хурсанд бўлиб, руҳланиб кетишган. У кишининг бошчилигида ишлаш жуда мароқли эди. Қишнинг совуқ кунлари, ёмғирли об-ҳаво шароитларида консертдан ке­йин ходимларимиз кеч қолиб кетган кунларида, мени чақириб, ҳайдовчи йигитларга айтинг, узоқда яшайдиган ходимларни уйларига элтиб қўйсин, дея ғамхўрлик қиларди. Аҳил бўлишни, ҳамкасбларнинг яхшилигини ошириб, ёмонини яшириб юришни бот-бот такрорларди. Ички ишлар органларидан чиққан ходим бўлса-да, тўққиз йил санъат саройида меҳнат қилиб, санъат ва маданият ходимлари билан худди шу соҳанинг вакили сифатида ишлаб, яхши ном қозонди.

Мирзаанвар Ҳайдаров 2014-йилда 64 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Лекин унинг ортидан уч ўғил – Аброр, Аҳрор ва Акмал исмли фарзандлари қолди. Аброр ва Акмал отасининг изидан кетиб, ички ишлар органларида фаолият юритган. Ҳозирда иккаласи ҳам тадбиркорлик билан шуғулланади. Аҳрор ҳам республика Божхона қўмитаси марказий лабораториясидан пенсияга чиққан. Бугунги кунда у ҳам тадбиркорлик билан машғул. 

Инсонлар бор, бу ҳаётга келадию кетади. Ундан бирор бир из ёки ном қолмайди. Аммо Мирзаанвар Ҳайдаровдек бардошли, сабрли ҳамда халқини ва Ватанини севадиган, бутун умрини тинчлик-осойишталикка бахшида қилган мард ва жасур ўғлонлар ёди барҳаётдир. 

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.