Одатдагидек, автобусда ишга кетаётган эдим. Автобус ҳар бекатда 5–10 дақиқа тўхтаб, одам йиғарди. Охири, сабри чидамаган бир отахон ҳайдовчига қараб: «Инсофинг борми ўзи, одамлар ишига, ўқишига кечикяпти, ахир», дея куюнди. Шунда ҳайдовчи отаси тенги кишини сенсираб, сурбетлик билан шундай жавоб қайтарди: «Хоҳласанг шу, хоҳламасанг тушиб кет, ана, такси! Мен планни бажаришим керак». Бундан хафа бўлган отахон: «Одобсиз экансан, устингдан арз қиламан», деди. Ҳайдовчи эса «Қўлингдан келганини қил, сенга ўхшаганларни ҳар куни кўриб юрибман», деб зарда қилди.

Бу жанжалга бир автобус одам гувоҳ бўлди. Лекин ҳеч ким индамади. Кўнгли оғриган отахон кейинги бекатда тушиб қолди.

Бир қарашда бу ҳайдовчи ва йўловчи ўртасидаги келишмовчилик бўлса-да, аслида, қадриятларимизга бўлган икки хил муносабатнинг ўзаро тўқнашуви эди. Энг ёмони, шунча одам гувоҳ бўла туриб, томошабинликдан бошқасига ярамадик. Лоқайд қараб туравердик. Нега?..

Америкалик файласуф Элвин Тоф­флер ўзининг «Учинчи тўлқин» асарида шундай фикрни келтиради: «Тараққиётнинг шиддати – қадрият, анъана, миллий маданият, дид сингари тушунчаларни, улар ҳақидаги тасаввурларни кескин ўзгартириб юборади. Натижада ҳеч кимга ўхшамаган «виртуал авлод» шаклланади». Яъни, бугуннинг гапи билан айтганда, компъютер билан суяги қотаётган, энг сўнгги ахборотлардан хабардор, замон билан ҳамнафас яшаётган авлод.

Тараққиёт неъматларидан бохабар бўлиб яшаш яхши, албатта. Чунки бу дунёқарашимизни кенгайтиради, илм олишимизда кўплаб қулайлик ва имкониятлар эшигини очади. Воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка, кашфиётлар қилишга ундайди. Ва бу бевосита жамият ривожига ҳам сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади. Бироқ тараққиёт шиддатини, тезлигини ҳамма ҳам тўла англаб етгани йўқ. Унга кўр-кўрона эргашаётганлар ҳам кўплаб топилади. Ачинарлиси, бундайлар ахборот асрининг шунчаки истеъмолчисига айланиб бормоқда.

Ҳаёт мароми тезлашгани сари ахборот оқими ҳам кўпайиб бормоқда. Бу тезлик ақлимизни шошириб қўймоқдаки, биз фан-техника ютуқлари, умуман ахборот истеъмолчисига айланиб боряпмиз. Тараққиётнинг ортидан юриб эмас, югуриб кетаётгандекмиз. Югуриб кетаётган одамнинг бирор нарса ҳақида ўйлашга, фикр юритишга вақти йўқ. Фикрсизлик эса инсонийлик ҳақидаги тушунчаларимизга соя солади ва аста-секин уни емириб боради. Айни шу замонанинг шиддати билан юзага келаётган фикрсизлик юқоридаги автобус ҳайдовчисига отаси тенги одамни беҳурмат қилгани ҳақида ўйлаб, бундан афсусланишига вақт қолдирмайди. Чунки уни кўпроқ одам ташишу мўмай пул ишлаш қизиқтиради. Мақсади эса ўзи ва оиласи эҳтиёжини қондириш, яхши нарсалар сотиб олиш, яхши яшашдангина иборат. Кечга яқин уйига чарчаган кўйи кириб боради-ю, телевизор тагига ёнбошлаганча пинакка кетади. 

Худди шундай, автобусдаги томошабинлар ҳам «Менга нима, бошимда юзта ташвиш» дейишдан нарига ўтолмайди. Мана сизга 

фикрсизликнинг кичик мисоли. 

Биз ҳаётимиздаги ўзгаришларга мос равишда ўзимизга хос мушоҳада юритамиз ва шу орқали уларга муносабат билдирамиз. Айнан шунинг учун ҳам шахс сифатида жамиятда ўрин эгаллаймиз. Ана шу тафаккур бизни юз бераётган воқеа-­ҳодисаларга нисбатан, жумладан, автобусдаги ҳолатга нисбатан ҳам бефарқ қараб турмасликка чақиради. Шундагина замон шиддати бизни эмас, биз уни ўз измимизга сола оламиз. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

«Постда» мухбири.