ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД соҳавий хизматлари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича “Департамент кубоги” мусобақаси ташкил қилинди. Қизғин ва муросасиз баҳслар остида ўтган мусобақа иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, жамоавийлик руҳи ва иродасини намоён этди.  Муносиб ўйин кўрсатган Ташкилий бошқарма жамоаси ғалаба қозониб, кубокни қўлга киритди. Рақибидан бироз ортда қолган Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси спортчилари 2-ўринни эгаллаган бўлса, Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси жамоасига 3-ўрин насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медалъ ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. 

– Мусобақага пухта тайёргарлик кўрганимиз бизни ана шундай муваффақиятга етаклади, – деди пешқадам жамоа сардори Элмурод Комилжонов. – Келгусида ҳам бундай интилишларимизни кучайтирган ҳолда, юқори марраларни забт этишдан тўхтамаймиз. 

Департамент бошлиғининг ўринбосари, полковник Абдувоҳид Имяминов ғолиб ва совриндорларни табриклаб, бундай спорт мусобақалари жамоалар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Шаҳризод Шокиров,

капитан.