Навоий вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 2-сафарбарлик гуруҳи катта инспектори, катта сержант Ғолиб Зарифов Кармана туманидаги Бухоро ва Самарқандни боғлаб турувчи халқаро аҳамиятга эга йўл ҳудудида хизмат олиб боради.

Бу йўл орқали ҳар куни юзлаб туманлараро ва вилоятлараро қатнайдиган транспорт воситалари ҳаракатланади. Ғолиб Зарифов хизмат фаолиятида фақат қоида бузилишини аниқлашга эмас, балки тушунтириш ва огоҳлантириш ишларига ҳам алоҳида аҳамият беради. Айниқса, тунги пайтларда узоқ йўлдан чарчаб келаётган ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб, уларга кўзлаган манзилига эсон-омон, бешикаст етиб олиши учун бир оз дам олиши зарурлигини уқтиради.

Назорат тадбирларининг бирида юк автомашинаси унинг диққатини тортди. Ҳайдовчи тўхтаб ўтиш керак бўлган жойда тўхтамади. Буни кўрган лавҳамиз қаҳрамони тўхташ ишорасини берди. Аммо машина анча ўтиб тўхтади. Инспектор ҳайдовчига қоидабузарлик содир этганини тушунтурди. Шунда ҳайдовчи машинанинг тормози ишламаётганини айтди. Ғолиб дарҳол эвакуатор чақириб, автоуловни устахонага жўнатди. Ҳайдовчи эса қоидани бузганлиги учун жаримага тортилди. Шу тариқа яна бир эҳтимолий фалокатнинг олди олинди.

 Катта, серқатнов йўлда хизмат қилиш чоғида турли феъл-атвордаги ҳайдовчилар билан мулоқот қилишга тўғри келади. Кимдир шошаётган бўлди, кимдир асабийлашади, яна кимдир қоидабузарлигини оқлашга уринади. Бундай вазиятларда катта сержант Ғолиб Зарифов босиқлик ва сабр билан қонун талабларини оддий ва тушунарли тарзда баён этади. Шу сабабли унинг сўзлари кўп ҳолларда ҳайдовчилар томонидан тўғри қабул қилинади.

Лавҳамиз қаҳрамони ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2013-йилда бошлаган. Айни пайтда хизмат қилиш билан биргаликда Бухоро давлат техника университетида сиртдан таҳсил оляпти. Нияти келгусида офицер бўлиш. Ана шундай қатиятли, ҳалол, изланувчан ходимлар сабаб йўлларда ҳаракат хавфсизлиги таъминланмоқда.

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.