Лицейда ўқувчи ёшлар ҳамда педагог-ходимларнинг психологик ҳолати, ўқув муҳитининг соғлом ва барқарор бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳалима Бекмуродова ҳар бир ўқувчи билан индивидуал суҳбатлар ўтказиб, уларнинг шахсий психологик портретини шакллантириб боради. Бу жараёнда темперамент, диққатни жамлаш, хотира, стресс даражасини аниқлаш бўйича тестлар ўтказилади. Ҳар ҳафта ўтказиладиган гуруҳ тренинглари эса ўқувчиларнинг ўзига хос эҳтиёжлари ва тест натижаларидан келиб чиқиб ташкил этилади. Тренинглар фақат амалий машғулотлар билан чекланиб қолмай, онг ва онгости, ирода, нутқ маданияти, мотивация, стресс тушунчаси каби мавзуларда назарий маълумотлар ҳам берилади. Бу ёшларнинг шахсий ва келажакдаги касбий мотивациясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Кузатувлар давомида кўплаб ўқувчиларда ўзига нисбатан ишонч пастлигига дуч келдим, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Айниқса, касб танлашда қарорни ота-онаси берган болаларда руҳий босим юқори бўлиши, ўқишга кириш жараёнида синовлардан ўта олмаслик хавотири уларни безовта қилган ҳолатлар кўп учраган. Суҳбат ва психологик кўмакдан сўнг кўплаб ўқувчиларнинг ўзига бўлган ишончи ортгани, барча имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтгани кузатилган.

Сир эмас, ҳозирда ёшлар ҳаётига чуқур кириб келган интернет ва телефонлар уларнинг диққатини парчалаб, ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис психолог тавсияси билан лицейга ўқувчиларнинг телефон олиб кириши чекланди. Натижада ўқувчиларда хотира, билимни ўзлаштириш, диққатни жамлаш кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшилангани қайд этилди.

Таълим муассасасида дўстлардан узилиб қолган, ўзига яқин муомала муҳитини топа олмаган болалар билан ҳам алоҳида иш олиб борилади. Уларга ўзининг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида мулоҳаза қилдириш, ёмон одатларини яхшиларига алмаштириш бўйича тавсиялар бериш, буни интерфаол шаклида амалга ошириш орқали ижобий ўзгаришларга эришилмоқда.

– Психолог, энг аввало, тинглай олиши, тушуна билиши керак, – дейди Ҳалима Бекмуродова. – Ўқувчилар билан суҳбат чоғида кўпинча уларга бу дунёда ёмон одамлар эмас, фақат нотўғри тушунчалар билан яшайдиганлар борлигини, буни ўзгартириш мумкинлиги ҳақидаги ғояни уқтиришга ҳаракат қиламан. 

Лавҳамиз қаҳрамони академик лицейда психологик хизматни янада ривожлантириш ниятида. Жумладан, психологик тренинглар учун махсус хона ташкил этиш, психология фанини дарслик сифатида киритиш бўйича вазирликка таклиф билан чиқиш каби режаларни амалга ошириш иштиёқида. Айни чоғда, у «ИИВ академик лицейи ўқувчиларида касбий мотивацияни шакллантиришнинг ижтимоий-психологик омиллари» мавзусида илмий иш олиб боряпти. Яқинда ички ишлар органлари ходимлари учун мўлжалланган «Касбий мотивация – хизмат қуроли» китоби нашрдан чиққани эса унинг профессионал изланишларидаги муҳим натижалардан бири бўлди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.