Туман Қашқадарёнинг ўрта оқимида, вилоятнинг жануби-шарқида жойлашган бўлиб, шимолдан Қамаши, Чироқчи, шарқдан Деҳқонобод, ғарбдан Қарши ва Нишон туманлари, жанубдан Туркманистон Республикаси билан чегарадош.

Туманнинг шимолий чеккасидан Қашқадарё оқиб ўтади. Шунингдек, Ғузордарё ва унинг ирмоқлари – Катта Ўрадарё ва Кичик Ўрадарё мавжуд. Туман ҳудудида «Пачкамар» сув омбори ҳам мавжуд бўлиб, у пахтачилик ва ғаллачиликда асосий сув манбайи ҳисобланади. Бундан ташқари, туманда чорвачилик, отчилик ҳам яхши ривожланган.

Туман ҳамда унга туташ Қамаши, Қарши ва Нишон туманларига яқин ҳудудларда катта, захирага эга газли ва газ конденсатли ётқизиқлар мавжуд.

Ғузор жуғрофий жиҳатдан муҳим ўринда жойлашган. Қадимда ҳам, ҳозир ҳам Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатларга элтадиган йўллар шу ҳудуддан ўтган. Ўтмишда Буюк ипак йўли номини олган, Шарқ ва Ғарб алоқаларида катта аҳамиятга эга бўлган ҳудудлардан бири айнан кўҳна Ғузордир.

Жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоил Гаспирали ўзининг «Ҳаёт-мамот масаласи» китобида Маъмун замонида дунёга машҳур олимлар қаторида Муҳаммад ал-Ғузорий номини қайд қилади.

Шу ўринда, «Ғузор» атамасига ҳам тўхталсак. Манбаларда бу сўз форс-тожик тилидаги «гузар» сўзидан олингани, ўзбек тилида «ўтиш жойи», «кечув», «йўлак» деган маъноларни англатиши айтилади. Тарихан бу сўз карвон йўллари кесишган ёки дарёдан ўтиладиган стратегик нуқталарга нисбатан қўлланилган. Туманнинг халқаро аҳамиятга эга автомобил ва темирйўллар кесишмасида жойлашгани ҳам унинг «ўтиш жойи» маъносига мос келишини англатади.

Ўтмишда Ғузор беклиги Бухоро амирлигининг муҳим сиёсий ва иқтисодий марказларидан бири бўлган. Туманда Ялпоқтепа ва Қўштепа каби қадимий археологик ёдгорликлар мавжуд. 

Чор Россияси босқинига қадар, Бухоро амирлиги даврида Ғузорда беклик бошқаруви жорий қилинган. Ўша даврда мамлакатда жанубий ҳудудларни бошқаришда жуда муҳим ўрин тутган беклик Манғитлар сулоласи томонидан бошқарилган. 

Ўз мухбиримиз Содиқ РАҲИМОВ тайёрлади.