Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари акс этган видеолар тез-тез учрамоқда. Айрим ҳайдовчилар тезликни ошириш, йўлчироққа бўйсунмаслик, хавфли манёврлар қилиш ёки бошқа қоидабузарликларни амалга ошириб, буни видеога олиб тармоқларга жойлашмоқда. Ачинарлиси, бундай ҳолатлар баъзан «жасорат» ёки «қизиқ контент» сифатида қабул қилинмоқда. 

Аслида, йўл ҳаракати қои­далари оддий расмиятчилик эмас. Улар инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш учун ишлаб чиқилган. Йўлдаги ҳар бир белги ортида инсон хавфсизлиги ётади. Шу боис қоидаларга бефарқ қараш, менсимаслик нафақат ҳайдовчининг, балки бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаётига ҳам хавф туғдириши мумкин. 

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган бундай видеоларнинг яна бир салбий жиҳати шуки, улар айрим ёшлар учун нотўғри намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ахир қизиққон ёшлар «лайк» йиғиш ёки кузатувчилар сонини кўпайтириш ниятида хавфли ҳаракатларни такрорлашга уринса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши аниқ.

– Ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб, таҳлил қилиб борамиз. Фуқароларнинг бефарқ эмаслиги кишини қувонтиради. Менинг шахсий саҳифамга бир кунда 20 тагача мурожаат келиб тушади, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ катта инспектори, катта лейтенант Аббос Дадашев. – Йўлдаги «эркатойлар»нинг қилмишлари фош этилиб, уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланилгани ҳақидаги маълумотларни мурожаат йўллаган шахсларга юбориб, ҳамкорликни давом эттиришларини сўрайман. Шу тарзда фаол фуқаролар сафи ошиб боради. Зеро, қоидабузарларга қарши курашишда жамоатчилик назоратининг ўрни катта.

Афсуски, сўнгги пайтларда ёшлар хорижнинг жангари филмларидаги саундтреклар, бош қаҳрамонларнинг гапларидан фойдаланган ҳолда видеолавҳалар яратиб, хатти-ҳаракатларини, эҳтимолки, ўз «мен»ини шу тарзда намойиш қилишмоқда. Кузатувларга кўра, асосан 16–30 ёш оралиғидаги фуқаролар томонидан шундай қилмишлар содир этилмоқда. Улар реал ва виртуал ҳаёт ўртасидаги катта фарқни ҳисобга олишмаяпти. Айниқса, Инстаграмда бу ҳолат трендга айланмоқда.

– Биласизми, авваллари кўпчилик қоидабузарлик ҳақида видеоматериаллар тайёрлашимизга ор-номус юзасидан эътироз билдиришарди, – дея сўзини давом эттиради катта лейтенант А.Дадашев. – Ҳозир эса «эркатойлар» камера қаршисида ғоз туриб, ўзларини қаҳрамон каби тутадилар. Ҳатто ўзига нисбатан чора кўрилгани ҳақидаги видеолавҳани профилига жойлаётган, бу ишидан уялмайдиган ёшлар сони кўпаймоқда. Шу боис ота-оналар ва таълим муассасалари масъулларидан ёшларни қонунларга ҳурмат руҳида, бошқалар ҳаётига жавобгар, ўз хатти-ҳаракатига масъулиятли қилиб тарбиялашларини сўрайман. 

Унутмаслик керакки, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш жавобгарликка сабаб бўлади. Қонунчиликка кўра, 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ота-онасига, 16 ёшдан ошган фуқароларнинг ўзига қоидабузарлик учун жавобгарлик белгиланади. Бундан ташқари, жамоатчиликнинг кескин танқиди, нафратига ҳам тайёр туриш керак. 

Машҳурлик ёки эътибор қозонишнинг турли йўллари бор. Аммо йўл ҳаракати қоидаларини бузиш орқали «лайк» йиғиш – номақбул йўл. Қоидаларга амал қилиш, йўл маданиятига риоя этиш ва бошқалар ҳаётига ҳурмат билан қараш – чинакам маънавиятли инсоннинг сифати. Кўринадики, йўлларимизнинг янада хавфсиз бўлиши фақат соҳа масъулларига эмас, ота-оналар, таълим берувчилар ҳамда бутун жамиятга тегишли масала. Маъмурий жавобгарлик ёки бошқа чоралар билангина мақсадга эришиб бўлмайди. Таълим-тарбиянинг қудратли таъсири шу мавзуда ҳам яққол кўринади. 


Муқаддас САПАРОВА,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.