Истеъфодаги подполковник Феруза Қаюмова 22 йиллик хизмат фаолияти мобайнида зиммасидаги вазифаларга масъулияти, касбга садоқати билан эгнидаги либосига асло доғ туширмаган ва ҳамкасбларининг ҳурматига сазовор бўлган фидойи аёллардан бири. У хизмат фаолиятининг салмоқли қисмини жазони ижро этиш муассасаларида олиб борган. 

Кейинчалик у Конимех тумани Иибда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимида хизмат олиб борди. Бу йўналишда нафақат ҳужжатлар билан, балки инсонлар тақдири билан ишлади. Оилавий муаммоларни ҳал қилишда, тазйиқ ва зўравонлик остида қолган аёллар билан мулоқот қилишда меҳр, қатъият ва ишончни бирдек намоён эта олди. Кўплаб мурожаатларга ечим топиб, неча тақдирларни ижобий томонга ўзгартирди.

Айтганча, Феруза Қаюмова олий таълим муассасасини якунлаган кезларида бир муддат педагоглик фаолияти билан ҳам шуғулланган. Таълим тизимида сўз билан таъсир қилиш, тушунтириш ва тарбиялаш борасида орттирган тажрибаси ички ишлар органларидаги хизмат жараёнида унинг муҳим устунликларидан бирига айланди десак, муболаға бўлмайди. 

– Конимех туманида хизмат олиб бораётган вақтимда бир ёш оиланинг тақдири мени қаттиқ ташвишлантирган, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Аслида бир маҳаллалик йигит-қиз севишиб турмуш қуришган. Бироқ иккинчи фарзанди туғилгач, аёл эрининг топганига қаноат қилмай, тез-тез жанжал чиқарадиган бўлган. Кунларнинг бирида арзимаган нарсага эри билан тортишиб, икки боласини олганича ота-онасининг уйига кетиб қолган. Бундан хабар топгач, уларни яраштиришга киришдик. Қайсар аёл эса ҳеч унамади. Шунда кўп йиллик фаолиятим давомида кўрган-кечирганларимни, инсонлар тақдирини бирин-кетин айтиб бердим. Унга турмуш ўртоғи фақат оиласи, рўзғори учун ҳаракат қилаётганини, сабр ва қаноатли бўлиш бахт олиб келишини тушунтирдим. Гапларимни тинглаган аёл қаршимда анча вақт бошини эгиб, мулоҳазага чўмди. Кейинчалик ўз қилмишидан афсусланиб, кечирим сўраб, оиласига қайтди. Ҳозиргача у билан қадрдон опа-сингилмиз. Телефон орқали суҳбатлашиб, кези келганида ҳуқуқий масалаларда маслаҳатлар бераман.

Бугун Феруза Қаюмованинг шарафли йўлини унинг ўғли – лейтенант Азиз Қаюмов давом эттирмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони жонкуяр она, ўз ўрнида фахрий ходим сифатида соҳага оид билимларини фарзандидан аямайди. Зарур вақтда маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатади. 

Фидойи ходима айни пайтда пенсияда бўлса-да, изланишдан тўхтагани йўқ. Бўш вақтида тикиш-бичиш билан шуғулланади. ўз қўли билан тиккан ҳар бир буюмга меҳр қўшади. Бу машғулот уни руҳан тинчлантиради, сабр ва нафосатни уйғунлаштириб, янгидан-янги ижод қилишга ундайди. 

Маҳлиё ХОЛОВА, 

ўз мухбиримиз. 

Навоий вилояти.