Инсон умри ўтган вақт билан эмас, унинг эзгу амал ва ишлари сарҳисоби сифатида қадрлидир. Бунга муборак 75 ёшни қаршилаётган таниқли давлат ва жамоат арбоби, истеъфодаги генерал-маёр Тоҳир Муллажоновнинг ҳаёт йўли ёрқин мисолдир.
Шаҳардаги ўрта мактабнинг 8-синфини тамомлаб, Марғилон-тиббиёт билим юртида таҳсилни давом эттирган. Тохиржонни ҳарбий хизмат анча чиниқтирди. Марғилонда деҳқон оиласида туғилган, ИИВ Тошкент олий мактабини тамомлаган, Фарғона вилояти Иибда инспектор, катта инспектор, Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида хизмат олиб борди. 1982–1984 йилда собиқ иттифоқ ИИВ Академиясида таҳсил олгач, турли раҳбарлик лавозимларида, жумладан Ўзбекистон тумани, Қўқон шаҳри ИИБ бошлиғи, Фарғона вилояти Иибда бўлим бошлиғи, 1992 йилда Фарғона вилояти Иибга раҳбарлик қилади.
Таҳликали 1992 йилда Тоҳир Охунович ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимига тайинланади. У устози тажрибали изқувар, полковник Ғофур Тошматов ва вазирликнинг соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш, республикага ғайриқонуний равишда қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари кириб келишига йўл қўймаслик, шунингдек, турли товар-моддий бойликларнинг мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олиш мақсадида тезкор-профилактик чора тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб келган.
Жиззах вилояти Иибни бошқарган йилларда эса у вилоятда қонун устуворлигини таъминлаш, айниқса, ходимларнинг хизмат интизомини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган фидойи раҳбар эканлигини кўрсатди.
2001–2002 йилларда Бухоро, 2002–2004 йилларда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида хизмат фаолиятини олиб бораркан, шахсий таркиб ўртасида ишчанлик кайфиятини яратишга, ходимларда хизмат вазифаларига ҳалол, виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, юксак масъулият билан ёндашиш, жамиятда умумеътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз амал қилиш туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратади. 2003 йил 11 январдаги фармони билан «Генерал-маёр» соҳибига айланган Т. Муллажонов Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатаркан, 2005 йил май ойида Андижон вилоятидаги оммавий тартибсизликларни бартараф этишда фаол иштирок этади.
2006–2007 йилларда ИИВ Академиясига раҳбарлик қилган устоз таълим маскани фаолиятининг муваффақияти, аввало, тайёрланаётган кадрларнинг интизоми, пухта билими, касбий маданияти, ташкилотчилик қобилияти, бўлажак ходимларнинг давр талабларини нечоғлик ўзлаштириб олгани, жонкуярлиги, ҳалол ва поклиги, қасамёдига садоқат руҳида тарбияланганлиги ва ватанпарварлигига боғлиқ эканлигига устуворлик берди.
Генерал Тоҳир Муллажонов 2007–2016 йилларда ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаганда ҳам асосий эътиборини ёшларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш баробарида, уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга, соҳага оид билимларини кучайтиришга қаратди.
2017–2018 йилларда Жиззах вилояти, 2018–2025 йилларда Тошкент шаҳри Халқ қабулхонасининг раҳбари сифатида фаолият юритган Тоҳир Муллажонов бу даргоҳларни син маънода замонавий адолат уйларига айлантирди.
Устоз роппа-роса 50 йил тизимга ҳалол ва виждонан хизмат қилиб, жонкуяр, эътиқодига содиқ раҳбар, моҳир мураббий даражасига етди. Унинг фидойилиги ва Ватанимизга садоқат билан қилган хизматлари ИИ даражали «Шон-шараф», «Дўстлик» орденлари ва қатор давлат мукофотлари билан муносиб тақдирланди.
Бугунги кунда ҳам қаҳрамонимиз ёшлар орасида. Жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида орттирган бой тажрибаси, ўтмиш ва ҳозирги тарихга оид билимлари Билан ИИВ Академияси тингловчи ва курсантларига таҳсил бериб келмоқда.
ИИВ Академияси Магистратура жамоаси.
