Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик
илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилояти филиалида даволанаётган бу инсон ўғирлик сабаб қамалган, ҳозирда гиёҳвандликдан даволаниш учун бу ерга келтирилган. Ўғирликка эса заҳри қотилга етадиган пул топиш мақсадида қўл урганини ҳам яшириб ўтирмади. Афсуски, муассасада гиёҳвандликдан даволанаётган ҳар бир шахснинг мана шундай аянчли ўтмиши, қайғули тарихи бор.
– Дангалини айтаман, мен ҳаётда кўп нарса йўқотдим, одамлар менинг аҳволимни билишсин, фақат исм-шарифимни айтманг, илтимос, – дея гап бошлади яна бир суҳбатдошим. – Ҳаммасига ўзим айбдорман. Ота-онам яхши инсонлар эди. Отам ҳайдовчи эди, онам уй бекаси. Мен ўртанча ўғил эдим. Синфдошлар билан аввал сигарет чекиб кўрдик, сўнгра нос. Бар-кафеларга борганимизда биздан тўрт-беш ёш катта йигитлар наша чекиб кўришни таклиф қилишди. Пул топиб сотиб олдик. Таъми ёқди, охир-оқибат унинг қулига айландик. Мен ота-онамнинг гапларига қулоқ солмадим. Улардан яшириб истеъмол қилиб юрдим. Уйланиб, болалик бўлганимда ҳам ақлим кирмади. Оилам билан ажрашдим. Бир нафар фарзандимни тирик етим қилдим. Ака-укам, опа-синглим билан юз кўрмас бўлдим. Сабаби улардан дори учун бир неча марталаб қарз олиб бермай кетдим. Кейин улар қарз бермай қўйишди...
Энди бу кўчага яқин йўламайман. Аммо қани ота-ю она? Қани севимли ёрим, ширин фарзандим? Жон-жигарларим? Энди қирқ ёшга кираяпман, тузалмас дардга чалиниб, умрим охирлаб бораётганини ҳам сезаяпман. Мендан нима қолади?... (кўзига ёш қалқиди).
– Бу йигит асли Тошкент шаҳридан. Гиёҳвандлик сабаб туғилган уйидан чиқиб кетган. Жиззах шаҳрида ноилож мардикорлик билан кун кечираётган вақтида гиёҳванд эканлиги аниқланиб, ички ишлар ходимлари томонидан мажбурий тарзда даволанишга жалб қилинган. 98 ўринга мўлжалланган шифохонада беморлар алкоголизм, гиёҳвандлик ва заҳарвандликдан даволанишади. Бу ерда тиббий, психологик ва ижтимоий чораларнинг ҳар бири ўз аҳамиятига эга. Энг муҳими, умидсизликка тушмаслик, дардни яширмасдан, ундан халос бўлиш учун интилиш керак. Даволаса бўладиган дард бу. Инсон ўзининг метин иродаси билан ҳар қандай дардни енга олади, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш гуруҳи муҳим топшириқлар бўйича инспектори, капитан Ўролбек Абдуазимов. – Бугунги кунда мазкур муассасага жорий йилнинг икки ойида 33 нафар гиёҳвандлик ва спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар мажбурий даволанишга жойлаштирилди. Уларнинг нафақат тиббий йўл билан, балки кучли ирода ва психологик қўллаб-қувватлаш орқали даво топишлари учун ҳамкорликда чоралар кўрилмоқда.
«Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш» комплекс тезкор-профилактик тадбирлари давомида таълим муассасалари ва аҳоли ўртасида спорт мусобақалари, учрашувлар, семинарлар, баҳс-мунозаралар ташкил этиляпти. Гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларини ёритиш йўли билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Вилоятда мавжуд 565 та умумтаълим мактаби, 31 та техникум, олий таълим муассасаси ва 304 та маҳаллада ёшлар орасида гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари, давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилди. Олий таълим муассасалари талабаларининг Жиззах шаҳридаги 29-сонли манзил-колонияга ташрифи уюштирилиб, наркожиноятлар содир этган шахсларнинг қисмати ҳақида жонли мисоллар келтирилди. Жараёнда гиёҳвандликнинг оғир оқибатлари, мудҳиш асоратлари ҳақида таъсирчан тушунтиришлар берилиб, токсикомания ва кучли психотроп дори воситалар занжири гиёҳвандликка етаклаши уқтирилмоқда. Шунингдек, таниқли шахслар иштирокида челленжлар ўтказилиб, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилаяпти. Тарғиботнинг барча таъсирчан чораларини кўриш орқали ёшларни ушбу иллат таъсиридан сақлаш – асосий мақсадимиз.
Муқаддас
САПАРОВА,
ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
