– Жиноятчилар иложи борича қилмишидан из қолдирмасликка ҳаракат қилишади, – дейди вилоят ИИББ ЭКМ Таҳлил ва техник ривожлантириш гуруҳи бош эксперти, маёр Агзам Бекходжаев. – Бироқ ҳар бир ҳаракатдан кейин из қолади. Буни эса фақатгина соҳа мутахассислари, яъни тажрибали криминалистлар пайқай олишади. Шу боис ҳам бизнинг хизматимиз ўта синчковлик ва ҳушёрликни талаб этади. Яна бир жиҳатни доим ёдда тутиш керак, жиноят жойини кўздан кечириш жараёнида олинган излар, буюмлар нафақат айбдорни топиш, балки шу ҳолатга алоқаси йўқ кишиларнинг шахсига аниқлик киритишда ҳам қўл келади.

Ҳа, мутахассиснинг сўзларида жон бор. Кўп ҳолларда илмий асосдаги таҳлилларнинг хулосалари калаванинг учини топиш ва айбдорга қонуний чора кўришда қўл келади. Шу ўринда криминалистикада кимёвий экспертизанинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз. Хусусан, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ таҳлиллар кимларнингдир жиноий қилмишига бориб тақалади. 

– Ҳар қандай моддани бир қарашда баҳолаш қийин. Айниқса, жиноят аломатлари билан топилган моддалар таҳлили ўта синчковликни талаб этади, – дейди маёр Агзам Бекходжаев. – Сабаби гиёҳвандлик воситаларининг тури кўп. Шу боис ҳам лабораториямизга олиб келинган моддалар бир нечта босқичда текширилади. Хусусан, ўтган 2025-йилда вилоят ҳудудида жойлашган «Ойбек» божхона постида автомашинадан кўк рангли полимер қоп ичида сариқ рангли ленталар билан ўралган юмшоқ, суюқсимон қорамтир-жигарранг рангдаги гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилди. Ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган ушбу кўп миқдордаги моддалар юзасидан олиб борилган таҳлиллар уларнинг опий гуруҳига мансуб гиёҳвандлик воситаси эканлигини тасдиқлади.

Таъкидлаш жоизки, вилоят ИИББ ЭКМ эксперт-криминалистлари ўтган йилда вилоят ҳудудида ўтказилган «Орият» тезкор қидирув тадбирларида, «Хавфсиз ва соғлом юрт» кўп босқичли тезкор-профилактик тадбирларда гиёҳвандлик воситалари экспертизаси, махсус кимёвий экспертизалар, баллистика ва совуқ қурол экспертизаларини ҳам олиб боришди. 

Сирасини айтганда, улар зарраларни ўз ўрнида тилга киритишдек муҳим вазифаларини маҳорат билан адо этиб келишмоқда. 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

 ўз мухбиримиз.

Тошкент вилояти.