Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Ж. Расулов раҳбарлигидаги 3-сектор ҳудудидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда шу маҳаллада жойлашган 4-умумтаълим мактабида уюшмаган ёшлар иштирокида беш муҳим ташаббус доирасида спорт – кўнгилочар тадбирлари ташкил этилди. Маданий кўнгилочар тадбирлар давомида футбол, баскетбол, шахмат-шашка, мусиқа, мушоира кечаси, теннис мусобақалари кўтаринки руҳда ўтказилди. Ушбу учрашувларда маҳаллалардан ташриф буюрган ёшлар ўзаро беллашди. 

Шунингдек, сектор раҳбари Қорақулончи ва Жиғачи маҳаллаларида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳалла ёшлари билан учрашди. Учрашувда туманнинг масъул идоралари ҳамда ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчиси, қатор мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этишди. Ёшларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг ўз қобилияти ва салоҳиятини намоён қилишлари учун яратилган шароит ва имкониятлар, ёшлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатининг ҳаётий ифодаси эканини аниқ мисоллар билан тушунтириб ўтилди. Учрашувларда ёшларнинг йигирмага яқин мурожаатларининг барчаси ижобий ечимини топди. Мисол учун айтадиган бўлсак, У. Имомжоновни тўлов-контракт суммасини тўлашда амалий ёрдам сўраган мурожаати ижобий ҳал қилинди. Р. Қутлиэвага ногиронлик аравачаси топширилди.

Бундан ташқари, профилактика куни муносабати билан Қуйи Янгибозор маҳалласида тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида асосий эътиборни оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилиши мумкин бўлган хонадонларга қаратиш, профилактика инспекторларининг хизмат қилаётган ҳудудларда уйма-уй юриб тарғибот қилишлари орқали фуқароларнинг ўзларига тегишли бўлган яшаш хонадонлари, транспорт воситалари, чорва моллари ва бошқа шахсий буюмларини қаровсиз қолдирмасликлари борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Янгиқалъа маҳалласида эса сектор раҳбари Ж. Расуловнинг оммавий сайёр қабули бўлиб ўтди. Қабулда туман Халқ қабулхонаси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, корхона ва ташкилот мутасаддилари ҳамда фуқаролар иштирок этди. Сайёр қабулда такрорий мурожаат қилган фуқаролар ҳам таклиф қилинди. Қабул аввалида асосан уйма-уй юрилди, сўнг маҳалла биносида олиб борилди. Фуқаролардан келиб тушган барча мурожаатлар туман Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олинди.

Ҳаётжон Шодиэв, 

подполковник.

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.