Қўшкўпир туманидаги “Ошоққалъа” маҳалласида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Худайберганова сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарори бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан тушунтиришлар берди ва 52 нафар хотин-қизларнинг ҳужжатлари белгиланган мезонларга мос келганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан “хотин-қизлар.уз” платформаси орқали келиб тушган 583 нафар талабгорнинг аризаси ўрганиб чиқилиб, улардан 419 нафари белгиланган тартибда тавсиянома олишга тағдим этилди.
Тадбирда туман ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Г.Гулямова иштирок этиб, туман ҳудудида хотин-қизлар ўртасида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларга тўхталиб ўтди.
Йиғилишда маҳаллаларда маънавий-аҳлоқий муҳитни яхшилаш, нотинч ва низоли оилалар билан алоҳида тадбирлар ташкил этиш, ажримларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар ҳам атрофлича таҳлил этилди. Шу куни “Ошоққалъа” маҳалласи хотин-қизлари учун сайёр қабул ташкил этилди. Бунда 16 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 7 таси жойида, 2 таси секторлар кесимида ижобий ҳал қилинди. Иккита мурожаат тегишли ташкилотларга йўналтирилди ва 5 нафар аёл касб-ҳунарга ўқиш учун рўйхатга олинди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар Қўшкўпир туманидаги “Касб-ҳунарга ўқитиш маркази” фаолияти билан ҳам танишди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
Хоразм вилояти.
