Қўштақдирлар

Ички ишлар органларида касбига садоқатли ва шижоаткор қўшқанотлар жуда кўп. Олот тумани ИИБ ходимлари сафдор Элнур Ибодов ҳамда капитан Зилола Ҳамроқуловалар ана шундай фидойи осойишталик посбонларидан.

Сафдор Э. Ибодов ички ишлар органларидаги фаолиятини туман статистика бўлимида етакчи мутахассис лавозимидан бошлаб, ҳозирда туман ИИБ Ташкилий бўлим котибият бошлиғи лавозимида самарали хизмат қилмоқда. Турмуш ўртоғи капитан З. Ҳамроқулова эса мана уч йилдирки, туман ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори.

Капитан Зилола Ҳамроқулова хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли ўртасида эрта турмуш масалаларида тарғибот ҳамда тушунтириш ишларини олиб боришда фаоллик кўрсатмоқда.

Аёллар ўртасида содир этилаётган жиноятлар кама­йишига эришишда унинг ҳиссаси бор.

Таъкидлаш жоизки, касбидан бахт топаётган лавҳамиз қаҳрамонлари ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозонган, маҳаллада ҳам намунали оила ҳисобланади. Айниқса, жамоатчилик ишларида ва оилаларни яраштириб қўйишда маҳаллага кўмаклашиб туришади.

Капитан З. Ҳамроқулова турли танловларда ва спорт мусобақаларида фаол қат­нашиб, ютуқли ўринларни олишга мушарраф бўлган. Жумладан, «Йил аёли – 2022» кўрик-танловининг вилоят босқичида «Йил­нинг энг ватанпарвар аёли» номинацияси ғолиби бўлди. «Ўқ отиш» мусобақасида, «Заковат» интеллектуал ўйинида ҳам анча фаол. Ўтган йили «Заковат» интеллектуал ўйинида қатнашиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари – 3 миллион 300 минг сўм сертификатни олди.

– Элнур акам тиришқоқ, илм излашдан чарчамайди, ҳар соҳада етук бўлишни хоҳлайди. Ҳозирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети­нинг юриспруденсия йўналишида иккинчи мутахассисликка ўқишга шартнома асосида қабул қилинди, – дейди капитан З. Ҳамроқулова.

Қисқаси, бахт тўкис бўлиши учун оила мустаҳкамлиги муҳим. Лавҳа қаҳрамонлари буни яхши билишади. Айниқса, сабр-тоқат ва оқилалик, меҳр-муҳаббат, мулоҳаза билан иш кўриш уларнинг шиорига айланган. Зеро, аҳил қўшқанотларнинг заҳматли хиз­мати ҳали кўп бор тилга олинишига аминмиз.

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.