“Зўравонликка қарши 16 кун” аксияси доирасида Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи ўринбосари Г.Усарова томонидан Навоий Кон-металлургия комбинатининг турли бўлимларида фаолият олиб борувчи ходимлар иштирокида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Унда ҳар йили бутун дунё бўйлаб ўтказиладиган “Зўравонликка қарши 16 кун” аксияси 25-ноябр – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш кунида бошланиб, 10 декабръ – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида якунига етишида рамзий маъно борлиги таъкидланди. Шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш борасида ижобий натижаларга эришилаётгани, маиший зўравонликдан жабр чеккан аёллар учун ягона “Ишонч телефони” рақамлари ишга туширилгани қайд этилди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётгани, бу вазифа давлатимиз сиёсиёсатининг устувор йўналишига айланганлиги айтиб ўтилди.  

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, ҳимоя ордери, зўравонлик ва унинг кўринишларига қонунда белгиланган жавобгарликлар, оилада зўравонликнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари тўғрисида маълумотлар беришди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Уларга тазйиқ ва зўравонликка учраганда мурожаат қилишлари мумкин бўлган ишонч рақамлари ёзилган, “Биз зўравонликка қаршимиз”, “Зўравонликсиз фаровон хаёт сари”, “Оилавий зўравонлик бу-жиноят”, “Зўравонликсиз, соғлом ва бахтли оилалар кўпайсин” мавзуларида тайёрланган буклетлар тарқатилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими ҳамда унинг жойлардаги ХҚМБ катта инспекторлари томонидан, жорий йил бошидан буён 1673 нафардан ортиқ зўравонлик ҳамда тазйиққа учраган, ажрим ёқасига келиб қолган хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилиб, мазкур оилаларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни яраштириш юзасидан манзилли тадбирлар белгиланди. Ўзаро жанжаллашган эр ва хотинга мураббийлар бириктирилиб, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар маҳалла ва ички ишлар органларининг алоҳида назоратига олинди.

Ҳар куни тушкун кайфиятда ҳаловациз турмуш кечириш, кимгадир муте ҳолда умидсиз ва қувончсиз, изтироб ва азоблар қуршовида яшаш мумкинми? Бунга йўл қўймаслик, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш борасида ИИО ходимлари томонидан кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Зеро, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш – жамиятни ва келажакни асраш демакдир.

Маҳлиё Мирзаева,

подполковник.