Бола энди ўсаётган ниҳолдир. Унинг тўғри бўй олиши учун эътибор ва яхши қаров керак. Афсуски, барча оилаларда ҳам болага нисбатан бундай муносабатда бўлишмайди. Айрим оилавий низолар ёки носоғлом муҳит таъсирида болалар тазйиқ остига олинади ёки мутлақо қаровсиз қолдирилади.
Албатта, бундай вазиятда бефарқ ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўрнига ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари назорациз қолган вояга етмаганларни ўз назоратига олади.
– Сурхондарё вилояти ИИБ ВЕИҲЁК марказида ҳам айни пайтда 7 нафар ана шундай қаровсиз бола билан профилактик ишлар олиб бориляпти, – дейди марказ катта тарбиячиси, катта сержант Сарвиноз Сафарова. – Уларнинг шахси аниқланиб, ўқиши ва хулқ-атвори, оиласидаги муҳити ва қаровсиз қолишига сабаб бўлган омиллар ўрганилмоқда. Шу билан бирга, болаларни кўнгилочар жойларга саёҳатга ҳам олиб борилиб, уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Яқинда марказда тарбияланаётганлар билан Термиз ҳайвонот боғига саёҳат уюштирдик. Бундан болаларнинг кайфияти ва кўнгли кўтарилди, қувнашди.
Марказларда тарбияланаётган болаларга бундай қувонч улашиш лозимлиги Вазирлар Маҳкамасининг 3 август куни имзоланган «Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган. Марказ ходимлари ҳам ўз вазифаларини шунга мувофиқ ҳолда бажаришмоқда.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
«Постда» мухбири.
Сурхондарё вилояти.
