Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари жараёнида ички ишлар органлари учун ҳам янги бинолар қурилаётганлиги хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга замин яратмоқда. Айниқса, кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органлари ходимларини аҳолига янада яқинлаштириш, тезкорлик билан хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида эски бинолар замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилиниб, капитал таъмирдан чиқариляпти. Барча масканлар инновацион технологиялар билан жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилмоқда.

Яқинда Ички ишлар органлари ходимлари куни байрам тадбирлари муносабати билан жойларда ана шундай масканларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Жумладан, вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХО 2-сафарбар гуруҳи ҳамда Ромитан тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи биноси, Вобкент тумани ИИБ ҳамда туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва Пробация гуруҳларининг бинолари, Ғиждувон тумани ИИБ 4-сонли Иибга қарашли “Пахтаобод маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” ҳам қисқа вақт ичида замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилиниб, капитал таъмирдан чиқарилди. Барча масканлар инновацион технологиялар билан жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳар ИИОФМБ 3-сонли Иибга қарашли “Садриддин Айний номли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” ҳамда 4-сонли Иибга қарашли “Отбозор маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” замонавий лойиҳа асосида қурилиб, аҳолига хизмат кўрсата бошлади. Мазкур иншоотлар кўркам ва шинам хоналардан иборат бўлиб, зарурий мебел жиҳозлари ва бошқа ускуналар билан таъминланди.

Тантанали очилиш маросимларида вилоят ҳокими Б. Зарипов, сектор раҳбарлари, туман ИИБ ходимлари ва фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирлар миллий ва диний қадриятларимизга мос равишда ўтказилди.

Ш. ЖАЛОЛОВ,

подполковник.

М. АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.