Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Иккинчи минтақавий ҳудудига қарашли Андижон шаҳрида жойлашган 3-сон тергов ҳибсхонасида тадбир ўтказилди.Унда ҳибсхона ходимлари ҳамда Андижон вилояти юридик техникуми ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, уларнинг фуқаролик жавобгарлиги, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида бир қатор амалий ишлар қилинаётган таъкидланди. Шундай бўлса-да, жиноят содир этган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани афсус билан қайд этилди.
Мулоқот давомида жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига ходимлардан батафсил жавоб олдилар.
Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахслар билан учрашув ўтказилди. Унда маҳкумлар қандай қилиб жиноят йўлига кириб қолганликларини сўзлаб беришди, бугун қилмишларидан пушаймон эканликларини айтишиб, ўқувчиларга илм олиб, касб-ҳунар эгаллаб, ҳалол меҳнат қилиш лозимлигини таъкидлашди.
Тадбир сўнгида ўқувчилар хўжалик ишларини бажариш учун мазкур муассасада қолдирилган маҳкумларнинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлимини кўздан кечирдилар. Ўқувчи ёшлар бу учрашувдан тегишли хулоса чиқариб олдилар деб ўйлаймиз.
Шаҳризод Шокиров,
катта лейтенант.
