Орамиздаги қаҳрамонлар

Урганч шаҳрида хизмат

вазифасини ўтаётган вилоят ИИБ ЖЦБ ППХ баталони 2-отряд ҳайдовчи ходими,

сафдор Давлат Абдуллаев автомобиллар серқатнов йўлни кесиб ўтаётган ёшгина

болага кўзи тушди. У дарҳол хизмат автомашинасини тўхтатиб, болакайни йўл

чеккасига олиб чиқди. Ўзини Дилмурод деб таништирган бола оиласига тааллуқли

бирор бир маълумот айта олмади. Шундан сўнг сафдор Д. Абдуллаев ҳудуд

профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб, болани ички ишлар органлари таянч

пунктига олиб борди.

Орадан кўп ўтмай «102»

навбатчилик хизматидан шаҳардаги Байналмилалчи кўчасида Дилмурод исмли икки

яшар бола отаси томонидан қидирилаётгани ҳақида тезкор хабар олинди. Сафдор

Давлат Абдуллаев ушбу маълумот бўйича дарҳол боланинг отаси билан боғланиб,

болакай соғ-саломат эканлигини айтди ва унга таянч пункти манзилини берди.

Фарзандидан хавотирланган ота бир зумда манзилга етиб келди ва ўғлини бағрига

босди.

– Ўғлимни автомашинада қолдириб,

суғурта агентлигига кириб кетдим, – дейди урганчлик Каримбой Элмурадов. –

Орадан 5–6 дақиқа ўтгач чиқсам, ўғлим машинада йўқ. Дарҳол уни излашга тушдим.

Чорраҳага туташ кўчаларни, ён-атрофдаги дўкон ва кафеларни айланиб чиқдим. Аммо

уни ҳеч қаердан тополмай, «102» рақамига қўнғироқ қилдим. Хуллас,

эътиборсизлигим туфайли шундай воқеа содир бўлди. Борингизга шукур, сизлардан

жуда миннатдорман. Сиз туфайли фарзандим соғ-омон бағримизга қайтди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Постда» мухбири.

Хоразм вилояти.