Юртимизда байрамлар кўп, ҳар бирининг ўз шукуҳи ва таровати бор албатта. Юртдошларимиз ушбу байрамларни ўзгача сурур, кўтаринки кайфият билан нишонлаши учун ички ишлар органлари ходимлари куну тун хизматда. 

Албатта, соҳа ходимларининг машаққатли хизмати ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Бу анъана Наврўз байрамида ҳам ўз ифодасини топди. Хусусан, байрам муносабати билан ИИВ Жиэббнинг бир қатор фидойи ходимлари ҳам муносиб рағбатлантирилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Бош бошқарма раҳбарияти, фахрийлар ва шахсий таркиб иштирок этди.

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Сўнг

жазони ижро этиш тизимида хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, “Аъло хизматлари учун”, “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи”, эсдалик қўл соати ҳамда пул мукофотлари топширилди.

Берилган бу мукофотлар, билдирилган ишонч ва юксак эътироф осойишталик посбонларини янада руҳлантиргани шубҳасиз. Эндиликда, улар ўз зиммасида залворли касб юкини янада теран ҳис этган ҳолда, вазифасини сидқидилдан садоқат билан адо этадилар.

Тантанали тадбирда Бош бошқарма бошлиғи, полковник Рустам Турсунов сўзга чиқиб, яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўз байрами билан барча йиғилганларни муборакбод этиб, келгуси иш фаолиятларида муваффақиятлар тилади.

Байрам тадбири соҳада узоқ йиллар давомида самарали хизмат қилиб, ўзининг ҳалоллиги ва фидойилиги билан ёш ходимларга ўрнак бўлган бир гуруҳ ходимларни пенсияга кузатиш маросимига уланиб кетди. Сўзга чиққанлар фахрийлар сафига кузатилаётганларни табриклаш баробарида, улар хизматини алоҳида эътироф этишди. Анъанага кўра, нафақага кузатилганларга тўн кийдирилиб, қимматбаҳо совғалар топширилди. 


Абдуҳошим ЗИЁДИНОВ,

маёр.