Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров Зарбдор туманининг “Янгикент” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. Тадбир аввалида 3-сектор ҳудудида яшовчи ёшларнинг 4 нафарига олий таълим учун контракт, 2 нафарига ҳарбий сафарбарлик чақируви резерви сафларида хизмат қилиш, 1 нафарига эса ҳайдовчилик курсида ўқиш тўловлари тўланишига оид сертификат ҳамда икки кишига тикувчилик машинаси топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ вояга етганлар 3-сектор раҳбаридан фуқароликни тасдиқловчи ИД-карталарни қабул қилиб олдилар. Бундан ташқари, 5 муҳим ташаббус доирасида маҳалланинг фаол ёшлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳоли билан мулоқотлар давомида эса кўчаларга шағал ётқизиш, ичимлик суви тармоғи тортиш, чиқиндиларни олиб чиқиш тизимини йўлга қўйиш, ер ости сувларини қочириш, турар жойни таъмирлаш, олий таълим учун контракт тўловини тўлаш, никоҳга оид ҳужжатларни расмийлаштириш, моддий ёрдам олиш, уй қуриш учун ер участкаси ажратиш юзасидан 20 га яқин мурожаатлар эшитилди. Генерал-маёр Ғайрат Қодиров ҳамда Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиэв томонидан фуқаролар муаммоларини ҳал қилиш бўйича ҳудуд масъулларига топшириқлар берилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.
