Жиззах вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари ходимлари иштирокида пресс тур ҳамда матбуот анжумани уюштирилди. Пресс тур давомида журналистлар бошқарма фаолияти билан танишиш имконига эга бўлишди. Бу жараёнда уларга аҳолини ИД карталар билан таъминлаш, хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш, ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида фуқаролар учун яратилган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шундан сўнг матбуот анжумани бўлиб ўтди. ОАВ вакилларига бошқарма шахсий таркиби томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, 2021 йилнинг 9 ойи давомида 32 минг 335 нафар фуқарога ИД-карталари, 53 минг 13 кишига хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштирилган. Фуқаронинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилмоқда.
Ҳисобот даврида бошқарма ва қуйи тизими вакиллари томонидан 864 нафар хорижий фуқаронинг виза муддатлари узайтирилган. Шунингдек, республикамиз ҳудудига 2005 йилга қадар кўчиб келиб, доимий рўйхатдан ўтиб яшаётган 556 нафар фуқаролиги йўқ шахсга фуқаролик паспортлари расмийлаштирилган.
Анжуманда журналистлар соҳа масъулларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.