Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишига катта ҳисса қўшган санъат дарғаларидан бири Маъмуржон Узоқов 1904 йил 20 апрелда Марғилоннинг машҳур Машҳад маҳалласида, Бўзчи Узоқжон ака ҳамда Зебинисо ая хонадонида таваллуд топган. Маъмуржон Узоқов қўшиқ оламининг осмонида чақмоқдек ёниб, момақалдироқдек гуруллаб ўтган санъат устозларидан бири эди. Унинг оиласи ҳам санъатга қизиқувчан оилалардан бири бўлган. Шу туфайли бўлса керак, у ёшлигидан санъатга меҳр қўйди. Юсуфжон қизиқ, Жўрахон Султонов, Хасан Қори, Худойберган ҳофизларни ўзининг узтозлари деб тан олган эди. Унинг устозлари ҳам ўз навбатида Маъмуржон Узоқовга меҳр қўйиб, Хасан қори дутор чалишни, Худойберган ҳофиз қўшиқ айтишни ўргатди. Ҳофизнинг кейинги 30 йиллик ҳаёти ва ижодий фаолияти улуғ санъаткор Жўрахон Султонов билан боғланган эди. Айниқса, унинг 1932 йилда Жўрахон Султонов билан бирга Тошкентга келиб, шу ерда яшай бошлаши унинг ижодига катта бурилиш бўлди, десак муболаға бўлмайди. 1939 йилда халқ ҳашарига айланган катта Фарғона канали қурилишига қатнашиб, ўзининг санъати билан халқимиз орасида обрў топган. 

Маъмуржон Узоқов репертуаридан халқ ашула, ялла ва катта ашулалар («Ул кун жонон», «Насиҳат», «Келдим», «Жонон келур», «Кўзларинг», «Баёт», «Парво этиб кет», «Қалам қошинг», «Айладинг», «Ёлғиз», «Кўп эрди ҳасратим жоно», «Сайдинг қўябер, сайёд»), бастакорлар асарлари (айниқса, М. Мирзаевнинг «Якка бу Фарғонада», «Суратинг», «Доғман», «Ёр истаб», «Баҳор», «Қачон бўлғай, ким», «Бир келиб кецин» каби), мумтоз ашулалар («Феруз», «Мустаҳзод», «Баёт В») ўрин олган. Ижролари Ўзбекистон радиоси жамғармасига, бир нечта грампластинка ва компакт дискларга ёзилган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. Марғилон кўчалардан бири, болалар мусиқа мактаби ҳамда шаҳар маданият ва истироҳат боғига Маъмуржон Узоқов номи берилган. 1997 йилдан Марғилонда Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқов номидаги хонандалар танлови ўтказилмоқда.

Адолат ФАЙЗИЕВА тайёрлади.