Бағрикенглик бу – ўзаро ҳурмат, бир-бирини англаш, тушуниш ва қабул қилиш демакдир. Ер юзидаги турли маданиятларига ҳурмат билан ёндашиш, тушунишга бағрикенглик таърифи берилади. У билим, самимият, виждон ва эътиқод натижасида юзага келади. Бағрикенглик фақат маънавий бурч бўлиб қолмай, сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж саналади. Энг асосийси, бағрикенглик натижасида тинчлик таъминланади, турли низолар, урушларнинг келиб чиқишига тўсқинлик қилади.

БМТ Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябр ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланади. Бу санани Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган.

Мазкур санани муносиб нишонлаш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб юртимизда 15-21 ноябр кунлари “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирлар режалаштирилган.

Бугун пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги майдонида Шомаҳмудовлар оиласи монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Қўмита мутасадди ходимлари, Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари вакиллари, шаҳар аҳли ва ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари вакиллари юртимизда хукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни кўз қорачиғидек асраб авайлаш кераклиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди.