Хотира – азиз, қадр – муқаддас. Юртимизда хотира ва қадрлаш кунини кенг миқёсда нишонлашимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди. Жуда кўп мамлакатлар бошига кулфатлар ёғдирган, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган, аёлларни бева, болаларни отасиз қолдирган Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан омон қайтган боболаримизни қадрлаш ва эъзозлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Навоий вилояти ИИБ ходимлари байрам муносабати билан Нурота тумани Ғазғон шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Турсун ота Эргашевнинг хонадонига ташриф буюришди. Шу йил табаррук 100 ёшни қаршилаётган отахон қўлига қурол олиб, жанга кирганида ёш навқирон йигит эди. “Жангнинг учинчи куни ёнгинамда портлаган мина парчаси чап қўлимни мажақлаб юборди. Ярадор бўлганларнинг дод-фарёди қулоқни қоматга келтирар даражада эди. Уруш номига лаънатлар айтганимиз билан ҳам дилимиз тубидаги аламлардан халос бўла олмаймиз”, дейди отахон чуқур хўрсиниб.
Яна бир уруш фахрийси Пирназар отани кўриш учун Кармана тумани Дўрмон маҳалласига ташриф буюрган соҳа ходимлари отахоннинг 103 ёшни қаршилаётганига қарамай томорқа юмушларини бажараётганига гувоҳ бўлишди. Пирназар бошдан кечирганларини шундай эслади: “1942 йил 25 сентябрда менга ҳам чақирув қоғози келди. Унгача бир йилни минг бир азобда ўтказдим. Чунки урушдан фронт ортидаги оддий халқ ҳам жабр кўриб яшади. Буғдойнинг унини давлатга топшириб, кепагидан нон қилиб жон сақлардик. Худога минг шукр, юртимиз тинч-осойишта. Ана шу тинчлигимизга кўз тегмасин”.
Ҳар иккала отахон ҳам ўзларига кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор учун давлатимиз, Юртбошимиз ҳақига дуо қилиб, ёшларимиз дориламон кунларнинг қадрига етишлари лозимлигини такрор-такрор айтишди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири
Навоий вилояти.
