Вилоят Иибда Ички ишлар вазири ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-маёр Даврон Назармуҳамедов ҳузурида вилоятда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалиётга татбиқ этилаётган “Бухоро тажрибаси”нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда бошқарма бошлиғи, полковник М.Миралимов Юртбошимизнинг жорий йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида белгилаб берган вазифаларнинг ижросини вилоятда самарали ташкил этиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, бу борада келгусида амалга ошириладиган вазифалар юзасидан татбиқ этилаётган самарали лойиҳалар тўғрисида маълумот берди. Шундан сўнг тизимда коррупсияни олдини олишга қаратилган янги лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди. Унга кўра шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши, ходимларнинг коррупсион ҳолатларга йўл қўймаслиги, ваколатидан четга чиқмаслик, фуқаролар билан хушмуомала бўлишлари юзасидан олиб борилаётган манзилли тадбирлар батафсил тушунтирилди.
Жиноятчиликнинг олдини олишда тарғибот тадбирларининг самараси жуда юқори. Шундан келиб чиқиб, бошқарма бошлиғининг ташаббуси билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Мобил тарғибот гуруҳлари” фаолияти йўлга қўйилди.
Тақдимот жараёнида ушбу мобил тарғибот гуруҳлари маҳаллаларга бевосита ташриф буюриб, одамлар гавжум бўладиган жойларда вилоят ИИБ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган тарғибот видео роликларини намойиш қилаётгани, турли жиноятлар тўғрисида аниқ мисоллар орқали тушунтиришлар берилиб, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мумкинлиги тўғрисида ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари лойиҳалар тақдимотидан келиб чиқиб, ўз фикрини билдирди, таклифларини айтиб ўтди. Ушбу лойиҳаларни янада мукаммалаштириб, республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этиш кераклиги тўғрисида кўрсатмалар берди.
Ф.УСМОНОВ,
капитан.
Бухоро вилояти.
