Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ташкилий ҳамда Молия ва моддий техника таъминоти департаментлари масъул ходимлари томонидан Бухоро вилоятида “102” автоматлаштирилган ахборот тизими фойдаланувчилари (оператор ва навбатчилик қисмлари ходимлари) ҳамда унга хизмат кўрсатувчи соҳавий хизматлар ходимларини ўқитиш ва амалий кўникмаларини шакллантириш юзасидан ўқув-амалий машғулоти ўтказилди. Машғулотда вилоят, туман ва шаҳар ИИБ ташкилий бўлим (бўлинма) бошлиқлари, катта инспектор навбатчилари ҳамда уларнинг ёрдамчилари, шунингдек, соҳага тааллуқли хизматларнинг масъул ходимлари иштирок этишди.
Ўқув машғулотида “102” автоматлаштирилган тизимни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари, “Cалл маркази”нинг техник имкониятлари, тезкор хабарлашув, чиқиш қўнғироқларини қабул қилиш тартиби, “вазиятлар карточкаси”ни тўлдириш алгоритми, шунингдек, тизимдан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тушунчалар берилди. Қисқаси, машғулот иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан берилган батафсил жавобларни олишди.
18 майдан бошлаб, жами 15 нафар, шундан, 14 та оператор ва 1 та “102 хизмати” бошлиғидан иборат таркибда фаолият олиб борувчи “102” автоматлаштирилган тизимга старт берилди ва ҳозирда ушбу тизим синов (тест) режимида ишламоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.