Юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида фаолият олиб бораётган ички ишлар органлари тизимида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишида хизмат қилаётган ходимларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Хусусан, Қашқадарё вилояти ИИБ М ва ФРБ ходимлари ҳам ўзларига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этишмоқда.
Жумладан, яқинда вилоят ИИБ М ва ФРБ, Китоб тумани ИИБ М ва ФРБ бошлиғи, катта лейтенант Фарруҳ Боймирзаев ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирларда туман ҳудудида фаолият олиб бораётган чет эллик тадбиркорлар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, “Наврўз” Мфйда ташкил этилган хорижий корхона раҳбари Ф.Ю. ўзи раҳбарлик қилаётган Мчжда 28 нафар Хитой Халқ Республикаси фуқароларини, ишчи визаси бўлса-да, вақтинча рўйхатдан ўтказмасдан, ноқонуний равишда яшаб келаётганлиги аниқланган. Уларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра жаримага тортилди.
Ушбу фуқароларга уларнинг бу хатти-ҳаракати қонунга зид эканлиги тушунтирилиб, келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантириш берилган.
Маъруф РАВШАНОВ,
Қашқадарё вилояти ИИБ М ва ФРБ бўлинма бошлиғи, капитан.
