Фахрийлар – фахримиз

Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги маёр Камилжон Машарипов бу йил 82 ёшни қарши олди. Фидойи устоз ўз умрининг энг кучга тўлган даврларини эл-юрт осойишталигини таъминлашга бахшида этган.

1970-йилда ички ишлар органлари сафига кириб, профилактика, жиноят қидирув каби хизматларда ишлади. Кўп йиллар давомида Фарғона шаҳрининг энг криминоген оғир ҳудуди бўлган Қиргули мавзесида фаолият кўрса­тиб, жиноятчиликни жиловлашда жонбозлик кўрсатди. Кейинчалик Фарғона шаҳрида жойлашган Сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида ишлаб, соҳани билимли кадрлар билан тўлдиришга ҳисса қўшди. Ўша даврда кўплаб ёш ходимларга устозлик қилиб, касбнинг сир-асрорларини, одамлар билан мулоқотни, инсоний фазилатларни ўргатди.

– Мен устоз Камилжон Машарипов билан кўп йиллар бирга ишлаганман, – дейди ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Равшан Охунов. – У киши жуда талабчан инсон бўлиш билан бирга, шогирдларига билмаганларини ўргатишдан эринмас эди. Уларга жиноятларнинг оқибати билан эмас, сабаби билан кураш олиб бориш кераклигини уқтириб, ўзи бу борада намуна кўрсатарди.

1991-йилда эҳтиром билан пенсияга чиққан Камилжон Машарипов малакали ҳуқуқшунос бўлганлиги сабабли турли давлат идораларида ишлади. Кейинроқ Фарғона давлат университетига ишга кириб, 15 йилга яқин олийгоҳда ёшларга ҳуқуқшунослик фанидан сабоқ берди. Ёш кадрларни юридик билимлар асосида тарбиялашга муносиб ҳиссасини қўшди.

Устознинг таваллуд куни ҳар йили байрамга айланиб кетади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Фарзандлар, набиралар, шогирд­лар уни йўқлаб келиб, эзгу тилаклар изҳор этишди.

Хусусан, вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши аъзолари унинг хонадонига ташриф буюриб, ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-маёр Эркин Норгитовнинг табрикномасини, шунингдек, «Ички ишлар органлари фахрийси» кўкрак нишонини тантанали равишда топширишди.

Эҳтиромдан боши осмонга етган Камилжон Машарипов юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик абадий бўлишини сўраб дуолар қилди.

– Ички ишлар органлари фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида соатлаб гапирсам ҳам оз, – дейди устоз. – Мана, биргина мисол: Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 80 ёшдан ошган 30 нафар фахрий вилоят Иибга таклиф этилиб, эҳтиром кўрсатилди. Бошқарма раҳбариятининг табрикномаси, қимматбаҳо совғалар берилди. Энг муҳими, бирга ишлаган собиқ сафдошларни кўриб дилимиз яйради, улар билан мириқиб суҳбатлашдик.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.