Самарқанд вилоятида ҳам экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ЙҲХБ ходимлари билан биргаликда шаҳарнинг марказий кўчаларида жойлашган барча йўл-патрул пунктларида автомобиллар махсус жиҳозлар ёрдамида текширилиб, улардан атмосферага чиқаётган зарарли газлар миқдорини ўлчаш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу тадбир давомида транспорт воситаларидан чиқадиган газларнинг заҳарлилик даражаси, шунингдек, тутун миқдори махсус жиҳозлар ёрдамида аниқланмоқда. Олинган маълумотлар давлат стандартлари билан таққосланади. Белгиланган меъёрлардан ошиб кетган тақдирда, бундай транспорт воситаларининг эгаларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима ва бошқа санксиялар қўлланилади.
Аксия доирасида вилоятда сўнгги
15 кун давомида 6 754 та турли русумдаги енгил ва юк автомобиллари текширилди. 95 нафар ҳайдовчи жаримага тортилди. Маълум бўлишича, энг кўп миқдорда ифлослантирувчи моддалар ва зарарли ташланмалар ўтган асрнинг 70-80-йилларида ишлаб чиқарилган юк машиналари ҳиссасига тўғри келади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда мавжуд қарийб тўрт миллионта автомобилдан 100 мингтаси носоз. Йил давомида атмосферага ўртача 1,27 миллион тонна зарарли ташланмалар чиқарилади, бу умумий ташланмаларнинг 60 фоизини ташкил этади (Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 88 фоизга тенг).
Экологик меъёрларга мос келмайдиган транспорт воситаларидан фойдаланиш ундаги камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, «Тоза ҳаво» ойлиги ҳар йили ҳаво ифлосланиши даражасини камайтириш мақсадида ўтказилади.
Замира БОЛТАЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
