Навоий вилояти бўйлаб ёшларни она Ватанни севиш, асраш ҳамда унинг ҳимоясига бел боғлашга тарғиб этувчи тадбирлар, кўргазмалар ва очиқ эшиклар кунлари ўтказилмоқда. Яқинда ана шундай эзгу мақсадни кўзлаган тадбирлар вилоятнинг Навбаҳор ва Хатирчи туманларида ҳам бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирларда кинологлар ўқувчиларга мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда кинология хизматининг роли, аҳамияти ҳамда ушбу соҳа вакиллари зиммасига юклатилган вазифалар, эришилган ютуқлар тўғрисида гапириб беришди. Айниқса, кинологларнинг ўзларига бириктирилган тўрт оёқли кўмакчилари билан кўргазмали чиқишлари ёшларда ҳайрат уйғотди. Бу каби тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, улар қалбида киндик қони тўкилган заминга, ўзи туғилиб ўсган юртга муҳаббат туйғуларини кучайтириши шубҳасиз.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.