Фарғона вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ томонидан жорий йилнинг 1-чорагида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисобига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда Пробасия бошқармаси раҳбарияти, тегишли мутахассислар билан бирга, жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судъялари ҳам иштирок этди.

Анжуманда профилактика инспекторлари иш юритувидаги материалларни судларга юборишда учраётган муаммолар кўриб чиқилди. Бу муаммоларни суд органлари билан ҳамкорликда бартараф этиш бўйича фикр алмашилди.

Бундан ташқари, пробасия бўлимлари ҳисобида турадиган маҳкумлар билан олиб борилаётган профилактик тадбирларни янада кучайтириш, назоратдаги шахслар иштирокида қайта жиноят содир этилишига йўл қўймаслик борасида тегишли тавсиялар берилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, профилактика инспекторлари томонидан амалга оширилган ишлар рейтинг тизими орқали баҳолаб борилмоқда.

Ушбу рейтинг тизими орқали фаолияти ижобий баҳоланган, зиммасига юклатилган вазифаларни намунали бажариб келаётган 31 нафар профилактика инспекторини рағбатлантириш учун таклиф берилди. Аксинча, рейтингда паст кўрсаткичларни қайд этган 31 нафар профилактика инспекторига нисбатан интизомий жазо чоралари кўриладиган бўлди.

Йиғилиш якунида чорак якунларидан тегишли хулоса чиқарилиб, иккинчи чоракда ишни сифат жиҳатидан янада яхшилашга келишиб олинди. 

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.