Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида республика Ички ишлар вазирининг 2021-йил 21-октабрдаги “Ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлашга қаратилган ўқув бўлиб ўтди. Айтиш лозимки, мазкур буйруққа кўра “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” ғояси асосида ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилган. Шунингдек, маънавий-маърифий ишларга масъул раҳбарларнинг ваколат ва мажбуриятлари белгиланди. Эндиликда ходимлар билан боғлиқ муаммоларга индивидуал ёндашиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мажбурий ҳисобланади.
Тадбир давомида ички ишлар органлари ходимларининг хизмат, жанговар ва жисмоний салоҳиятини ошириш, ахлоқий сифатларини кучайтириш, шахсий таркиб билан психологик тренинглар уюштириш масалалари кўриб чиқилди. Китоб мутолааси, давлат тилида иш юритиш ва ички ишлар органлари ходимлари учун жорий этилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳам эътиборда бўлди.
Ўқув доирасида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат, жанговар, жисмоний, ахлоқий ва психологик машғулотларни сифатли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Якунда жанговар қуроллардан фойдаланишга оид назарий машғулот ўтказилди. Бу жараёнда тўппонча ва автоматик қуролларнинг техник-тактик таснифи, самарали қўллаш усуллари юзасидан тавсиялар билдирилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
