Ойлик бошланиши муносабати режалаштирилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги ва ИИБ раҳбарияти, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходимлари ҳамда журналистлар иштирокида ўтказилган анжуманда дастлаб ойликни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳақида маълумот берилди. Мутасадди раҳбарларнинг қайд этишича, ойликни самарали ташкил этиш ва бажариладиган ишларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят, шаҳар ва туманларда ишчи-гуруҳлар тузилди.

Ташкил этиладиган тадбирларда фуқароларда интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, электрон тўлов воситаларидан хавфсиз фойдаланиш, шахсга доир маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш ва улардан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик, товламачилик, киберзўравонлик каби қилмишлар содир этишнинг олдини олиш, тақиқланган контентларга қарши ”рақамли иммунитет”ни шакллантириш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади.

Таниқли санъаткорлар, сўз усталари, қизиқчи ва маданият ходимлари ўзлари истиқомат қиладиган ҳудудларга бириктирилиб, улар томонидан “Мобил тарғибот гуруҳ”лари ва кўнгилли асосда жалб этилган ёшлар жамоаси билан ҳамкорликда тарғибот тадбирлари ўтказилади. Ҳар шанба куни Фарғона шаҳрида “Очиқ осмон остида” тамойили асосида ёшлар учун концерт дастурлари ташкил этилиб, ушбу жараёнда ҳам кибержиноятлардан огоҳлантириш ва тарғибот материалларини тарқатишга эътибор қаратилади.

Ойликни янада самарали ўтказиш мақсадида маҳаллалар, фаол ёшлар, ахборот технологиялари мутахассислари, журналист ҳамда блогерлар ўртасида махсус танловлар ҳам ташкил этилади. Ахборот технологиялари мутахассислари, ҳаваскор ёшлар иштирокида кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирли челленжлар суратга олинади ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатилади.

Ташкилотчилар шулар ҳақида маълумот бериш билан бирга, журналистларни қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб қайтаришди. Шунингдек, анжуман давомида олимлар, диний соҳа вакиллари ҳамда таниқли санъат намояндаларининг мавзуга оид фикр-мулоҳозалари ҳам тингланди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

Ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.