Марғилон шаҳрида “Маҳалладаги бешлик ҳамкорлиги” тизимини янгича ёндашув асосида йўлга қўйишда Фарғона вилояти тажрибасини республикада оммалаштириш бўйича семинар бўлиб ўтмоқда.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари – Оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари, Наманган ва Андижон вилоятларининг шаҳар ва туманлари ҳокимлари ўринбосарлари – Оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари, Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, Ички ишлар вазирлиги ЖХХ ҲПБ бошлиқларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этмоқдалар.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Бекмурод Абдуллаэв, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситхановалар иштирок этиб, сўзга чиқдилар.
Семинарнинг дастлабки кунида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ижтимоий профилактикани ташкил этиш механизми бўйича Фарғона тажрибаси, “Тарбиянинг бош мактаби – ота-она ибрати” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ижобий ишларга асосий эътибор қаратилди.
Семинарнинг иккинчи кунида яна бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, Марғилон шаҳрида “Бир ҳунармандга ўн шогирд” тамойилининг ижроси, Олтиариқ туманида “Соғлом оилани шакллантириш”, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати доирасида амалга оширилган ишлар, Риштон туманида тадбиркор аёл Муҳайё Саттарова фаолияти, Бешариқ тумани маҳаллаларида амалга оширилган ишлар тақдимоти бўлиб ўтади.
Шунингдек, Қўқон шаҳрида “Тадбиркор аёл – жамият ислоҳотчиси” мавзусида бизнес форум ташкил этилади.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
