Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Даврон Назармухамедов Тошкент шаҳар Ииббда пойтахтимиздаги ички ишлар фахрийлари билан очиқ мулоқот тарзида учрашув ўтказди.

Унда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-маёр Азиз Тошпўлатов, ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов, бош бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳам иштирок этди. Йиғилишда вазир ўринбосари мамлакатимизда кексаларга, жумладан, соҳа фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида сўз юритди. Жумладан, октябр ойининг бошида уюштирилган “Кексалар ҳафталиги” доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда “Ноябр — кексалар учун туризм ойлиги” давомида амалга ошириладиган ишлар билан таништириб ўтди. Шунингдек, ички ишлар органлари фахрийлар кенгашларининг фаолияти, хусусан, жорий қилинган илғор тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўз навбатида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси фахрийлар кенгаши масъулларининг жорий йилдаги ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг фахрийларнинг фикр ва таклифлари эшитилди.

Ушбу жараёнда фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва санаторийларга йўлланмаларни кўпайтириш каби бир қатор масалалар кўтарилди.

Шунингдек, устоз ва шогирд анъанасини кучайтириш, фахрийларнинг ҳаётий тажрибаси ва билимларидан ички ишлар органлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятида кенг фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди. Тадбир якунида фахрийлар учун байрам дастурхони ёзилди.

Ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.