Бугунги кунда ички ишлар органларида фидойилик билан хизмат қилаётган осойишталигимиз посбонлари, айниқса, ёш ходимларнинг соҳага бўлган меҳр-муҳаббат ва садоқатини янада кучайтиришда жойлардаги фахрийлар кенгашларининг ҳам муносиб ўрни бор. 

Жумладан, бу борадаги саъй-ҳаракатларни Бекобод тумани ИИБ мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Чунки, мазкур туман ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Жалолхўжа Бўрихўжаэв ҳам доимо, тинчлик-осойишталигимиз ҳимоячиларининг хизматолди йўриқномасида иштирок этиб, ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, маёр Низомиддин Қорабеков билан ҳамкорликда, ходимларга хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этиш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш ҳамда ички ишлар органлари ходимлари шаънига доғ тушурувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларни содир этмаслик тўғрисида таъкидлаш билан биргаликда, ўзларининг бой тажрибаси ва салоҳиятини ҳам осойишталигимиз посбонлари қалбига сингдириб келмоқда.

Шунингдек, туман ИИБ ходимларига навбатчилик ўташ вақтида ҳам “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми Кодекси” талабларига қатъий амал қилиш бўйича кўрсатмалар бериб бораётир. 

Бундан ташқари, шахсий таркиб билан кўплаб маротаба учрашув ва давра суҳбатлари уюштириб, ўзларининг ҳаётий маслаҳатлари, хизматдаги қийинчиликлар ва уларни енгиб ўтиш йўллари ҳамда эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришмоқда.  

Қилинаётган бу каби ижобий ишлар эса, осойишталигимиз посбонлари ўртасида уларнинг ўз касбига бўлган масъулиятини янада ошириб, ҳақиқий “халқ хизматчиси” бўлишида мустаҳкам замин яратиши шубҳасиздир.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.