Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Азизбек Икрамов Фурқат туман ИИБ фаолияти билан танишиб, фахрийлар ва ёш ходимлар билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Ўтган йили мустақиллик байрами арафасида мазкур туман ИИБ шахсий таркиби 4 қаватли янги бинога кўчиб ўтган эди. Азизбек Икрамов бўлим биносининг имкониятлари, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Шу ерда тизимда кўп йил ишлаб нафақага чиққан фахрийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида учрашув ҳам ўтказилди. Учрашувда бошқарма бошлиғи фахрийларнинг тажрибаси, ўгит ва маслаҳати ёш ходимлар учун ибрат мактаби эканлигини алоҳида таъкидлаб, фахрийлар билан доимий равишда ҳамкорликда ишлаш зарурлигини қайд этди.

Самимий мулоқот руҳида кечган учрашув давомида фахрийлар ҳам сўзга чиқиб, ёш ходимларни Ватанга ва касбга садоқат руҳида тарбиялаш борасида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.