Олмалиқ шаҳрида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ИИББ бошлиғи, генерал-маёр Тоҳир Арипов ҳамда мазкур ҳудуд секторлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари шунингдек, таклиф этилган меҳмонлар иштирок этишди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Зангиота тумани маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ходимлари фахрли 1-ўринни қўлга киритган бўлса, Юқоричирчиқ тумани осойишталик посбонлари 2-поғонадан жой олишди. Олмалиқ шаҳар маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани вакилларига эса, 3-ўрин насиб этди.

Ғолибларга вилоят ИИББ бошлиғи томонидан пул мукофотлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, тадбир доирасида, энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, сектор раҳбарлари ҳамда патрул-пост ва йўл-патрул хизмати инспекторлари, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ҳам муносиб тарзда рағбатлантирилди.

Байрамона руҳда ўтган тадбир сўнггида ИИВ 2-сонли Тошкент академик лицейи ўқувчи-ёшларининг кўргазмали чиқишлари ҳамда элимиз ардоғидаги санъат усталарининг куй-қўшиқлари барчага хушкайфият улашди.

Ўз мухбиримиз.