Сўнгги йилларда давлат идоралари раҳбарларининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган фаолияти сезиларли даражада ортиб бормоқда. Айниқса, сайёр қабуллар, уйма-уй юришлар, эҳтиёжмандларга кўрсатилаётган турли кўринишдаги кўмаклар халқ дардига дармон бўляпти. Шу мақсадда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Ш. Алиэв вилоят ҳокими ҳамда Халқ қабулхонаси томонидан тасдиқланган режа асосида шаҳар ва туманларда сайёр қабуллар ўтказиб келяпти.
Яқинда полковник Шуҳрат Алиэв навбатдаги сайёр қабулини Ромитан тумани учинчи секторига қарашли Аттарон маҳалласида ўтказди. Тадбир аввалида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан маҳаллада ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар жараёнида электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳамда ички йўллар ҳолати кўздан кечирилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.
Шундан сўнг масъуллар томонидан ўндан ортиқ маҳалла фуқаролари ва фаоллари билдирган ижтимоий-иқтисодий ҳамда турли масалалардаги мурожаатлари кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг тўққизтаси жойида бартараф этилиб, маҳаллада “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъулларига тавсиялар берилди. Иш юритувига олинган, қўшимча текшириш ва муддат талаб қиладиган мурожаатларнинг ижроси алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга бажариш муддатлари аниқ қилиб кўрсатилди. Қуйи Миришкор ва Тағори қишлоқларининг 700 м. ички йўлларига шағал ётқизилиб, ҳудуд аҳолисига суюлтрилган газ балонлари етказиб берилди. Айни пайтда маҳалла кўчалари йўлларини шағаллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, маҳалла аҳолисига якка тартибда меҳнат фаолиятини олиб бориш учун иссиқхона қуриш, имтиёзли кредит ажратиш, деҳқончилик билан шуғулланиши учун бўш томорқа ери ажратилиши ҳамда хасталиги бўлган фуқароларга дори-дармон олиши учун моддий ёрдам ва кўмир билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди. Сайёр қабул сўнггида бошқарма бошлиғи томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида маҳалла аҳолиси огоҳликка чақирилиб, фирибгарлик қурбонига айланиб қолмаслик, ўғрилик, тан жароҳати ҳамда оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятларнинг олдини олиш борасида аниқ мисоллар орқали ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Ғулом ҚОРБОСТИЭВ,
подполковник.
Бухоро вилояти.
