Миробод тумани Қўйлиқ-6 даҳасида истиқомат қилувчи фуқаро П.Ж. номидан ёзилган ариза Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси орқали туман Ииофмбга келиб тушган. Ташкилий бўлим катта инспектори, маёр Мансур Комилжонов уни ўрганиб чиқиб, тегишлилиги бўйича 4-сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Ф. Жўраевга юборган.
Мурожаатда айтилишича, П.Ж.нинг номига қўшниси Д.Р. 3 миллион сўм кредит ва яна муддатли тўловга телевизор олган. Лекин қўшни кредитларни вақтида тўламай алдаб юрган. Профилактика инспектори ҳолатни ўрнатилган тартибда кўриб чиқиб, қўшнилар билан профилактик суҳбат ўтказиши натижасида кредит тўловларининг барчаси тўлаб берилган.
– Мурожаат қилган ҳар бир фуқаро муаммосини билдирганида, уни диққат билан тинглаш лозим бўлади, – дейди маёр Мансур Комилжонов. – Муаммолари ечим топаётган инсонлар юзидаги табассумни кўриб, одамнинг руҳи енгил тортади.
М. Комилжонов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаб, Миробод тумани ИИОФМБ Ҳпбда хизматни бошлаган. У дастлаб тумандаги «Банокатий» маҳалласида профилактика инспектори сифатида фаолият олиб бориб, 2021-йилга қадар 4 та маҳаллада аҳоли тинчлиги ва осойишталиги учун масъул бўлган.
Маҳаллаларда хизмат қилиш жараёнида тажриба тўплаган, соҳанинг паст-баландини яхши ўрганган ходим бошқарманинг ташкилий бўлимида мурожаатлар билан ишлаш йўналишида фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг вазифаси келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш, тегишлилиги бўйича жойларга юбориш, мурожаатчилар билан суҳбат ўтказиб, ижро назоратини амалга оширишдан иборат.
Лавҳамиз қаҳрамонининг икки нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Эъзозахон – ҳамшира. Иккиси бахт қўрғони бўлмиш оилада фарзандлар камоли йўлида умргузаронлик қилиб келмоқда.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
