Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Ҳарбий-ватанпарварлик кенгаши ташаббуси билан “Оммавий ахборот воситаларида ҳарбий соҳага оид ислоҳотларни ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда кенгаш аъзолари, Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг ахборот хизматига масъул ходимлари ҳамда ҳарбий соҳани ёритишга ихтисослашган журналистлар иштирок этди.

Йиғилишда Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Ҳарбий-ватанпарварлик кенгаши раиси, “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, подполковник Аҳрор Очилов, Ўзжоку кафедра мудири, досент, истеъфодаги полковник Алижон Сафаров ва бошқа сўзга чиққанлар Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони имзолаган ҳарбий соҳага оид фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, халқ ва армия ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, ҳарбий ислоҳотлар ҳақида холис ва тўлиқ ахборот етказиш, миллий армиямиз фаолияти ҳамда шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, буюк аждодларимиз ҳақида ёшларни хабардор қилиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, ҳарбий журналистика соҳасини янада ривожлантириш бўйича таклифлар, мулоҳазалар ўртага ташланди. 

Йиғилишда, шунингдек, “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши фаолияти ҳақида ҳам йиғилганларга атрофлича маълумот берилди. 

Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олдилар.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Жасурбек РАҲМАТОВ олган суратлар.