Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида яхши анъана йўлга қўйилди. Ҳудуддаги 48 та маҳаллада хизмат олиб бораётган профилактика (катта) инспекторлари хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида туман ҳокими ҳар ойда улар билан учрашиб, ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар ва муаммоли масалаларни муҳокама қилади. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилади. 

Қувонарлиси, мазкур ишлар кўламида туман ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 48 та маҳаллада хизмат қилаётган профилактика инспекторлари хизмат хоналари замонавий компъютер қурилмалари ва бошқа зарурий мебелъ жиҳозлари билан таъминланди.

Яқинда хизматда фойдаланиладиган компъютер жамланмаларини бир гуруҳ профилактика инспекторларига туман ИИБ бошлиғи, подполковник Ў.Шукуров тантанали равишда топширди. Тадбирда, шунингдек, хизмат давомида ўзининг меҳнати ва тиришқоқлиги билан хизматдошларига ўрнак бўлиб келаётган ходимлар ҳам рағбатлантирилди. Уларга эсдалик совғалари улашилди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Постда” мухбири.

Сурхондарё вилояти.