Бухоро вилоятида тупроқ эрозиясидан сақлайдиган ўрмонлар сифатини яхшилашга алоҳида эътибор берилмоқда. Айниқса, вилоят бўйича 376,3 минг гектар саксовулзорларни сақлашга қаратилган кенг қамровли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятнинг чекка ҳудудларидаги ўрмонларда саксовул ўсимлигини ғайриқонуний равишда кесиш ва уларга шикаст етказиш ҳолатлари давом этаётганлиги жуда ачинарли ҳол. Жорий йилнинг август ойида Давлат раҳбари раислигида ўтказилган селектор йиғилишида танқидий муҳокама қилиниб, назоратни кучайтириш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан кескин чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Шундай бўлишига қарамай, 26 август куни вилоят ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан Ромитан ва Пешку туманлари чўл ҳудудларида саксовул ўсимлигини сотиш учун қонунга хилоф равишда кесиб, нобуд қилаётган бир гуруҳ шахсларнинг фаолиятига чек қўйилди. Тадбир давомида ҳуқуқбузарлар Пешку тумани фуқаролари И.Ҳ. ва Х.Ҳ.лар давлат ҳокимияти вакилларига фаол қаршилик кўрсатиб, тан жароҳати етказиб, хизмат автомашинасини яроқсиз ҳолатга келтиришди.
Мазкур ҳолат юзасидан И.Ҳ. ва Х.Ҳ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Пешку туман судининг ажримига асосан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда табиатни муҳофаза қилишга қаратилган тезкор профилактик тадбирлар изчиллик билан олиб борилмоқда.
М. АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
