25 октабр — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари куни
Пўлат БОБОЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант
Ҳар бир инсон учун ўз ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли хавф-хатарлардан ишончли ҳимоя қилиш жуда муҳим масалалардан биридир. Шу боис, мамлакатимизда фуқароларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган тизимга айлантиришга қаратилди.
Тан олиш керак, авваллари ички ишлар органлари тизимида салбий амалиёт сифатида жиноятчиликнинг олдини олиш эмас, балки унинг оқибати билан курашиш, пастдаги муаммони ўрганмасдан, тепадан буйруқ кутиш, фуқароларни қийнаётган масалаларни билмаслик ҳолатлари мавжуд эди. Бундай аҳвол кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўларди.
Яқин йиллар ичида эса Ўзбекистоннинг барча давлат идоралари каби ички ишлар органларида ҳам раҳбарлар томонидан фуқаролар билан мулоқот ўтказиш, жиноятларни маҳаллаларнинг ўзида муҳокама қилиш, энг чекка ҳудудларга бориб, аҳолининг дардини эшитиш, муаммоларини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди.
Биринчи навбатда, ички ишлар органларининг 85 фоиз ходими қуйи тизимга туширилди ва халққа яқинлаштирилди.
Ҳар бир маҳаллага профилактика инспектори ажратилиб, уларнинг сони 5,5 мингдан 10 минг нафаргача оширилди. Инспекторлар ўз ҳудудида узлуксиз хизматни ташкил этиши учун уларга хизмат уйлари қуриб берилди, шахсий автомашина харид қилиши учун имтиёзли кредитлар ажратилди.
Бугунги кунда ҳар бир профилактика инспектори маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот бўйича ўринбосарига айланди, уларнинг хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ваколатлари кенгайди.
Соҳага илғор ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, маъмурий ҳуқуқбузарликни қайд этувчи планшетлар, бодикамера, интернет тармоғига уланган компютерлар татбиқ этилди.
Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича «Смарт маҳалла» дастури яратилди, суд мажлисларини онлайн тарзда ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Бугунги профилактика инспекторларининг фаолияти аҳолининг кунлик муаммолари ва кунлик эҳтиёжлари билан куну тун ишлайдиган тизим сифатида шаклланди, десак тўғри бўлади. Бундан ташқари, оила ва хотин-қизлар муаммолари бўйича ишлашда яқиндан кўмак берувчи 362 нафар аёл инспектор, маҳаллаларда 1100 нафар инспектор-психолог ва вояга етмаганлар масалалари бўйича 360 нафар инспектор фаолият кўрсатмоқда.
Ҳар бир раҳбар ва ходимнинг жиноятчиликка қарши курашишга бўлган қараши тубдан ўзгарди. Уларга рақам ёки фоизлар ортидан қувиш эмас, балки фуқароларнинг мол-мулки, соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш асосий вазифа этиб белгиланди. Жиноятчилик статистикасини юритишда халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган ижобий тажрибадан келиб чиқиб, жиноятчилик кўрсаткичини 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисобланиши йўлга қўйилди.
Криминоген вазиятни холисона таҳлил қилиш, жиноятларни яширмаслик мақсадида ходимлар ташаббуси билан аниқланадиган жиноятларни ижобий натижа сифатида баҳолаш тизимига ўтилди.
Бугунги кунда барча ҳудудларда жиноятлар секторлар кесимида таҳлил қилиниб, вазиятга маҳаллада хавфсиз шароит яратилганига қараб баҳо берилмоқда ва шундай ёндашув криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун замин яратмоқда.
Илгари жиноятдан холи ҳудудга айланган маҳаллалар улуши 13 фоиздан ошмаган бўлса, бугунги кунда улар сони 4,5 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.
Шу даврда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан жиноятлар сони эса қарийб
1,5 баравар — 229 тадан 182 тага камайди. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Мдҳда энг хавфсиз давлат ҳисобланади.
Ички ишлар органларида амалга оширилган ислоҳотлар давомида ҳар бир фуқаронинг мушкулини осон қилиш, жумладан, ички ишлар органлари томонидан аҳолига қулай ва ортиқча сарсонгарчиликсиз давлат хизматларини кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди.
Бу борада аҳолини кўп йиллар мобайнида қийнаб келаётган прописка тартиби бекор қилингани, фуқаролиги бўлмаган минглаб шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олгани ҳам ислоҳотлар самарасидир. Қайд этиш керакки, 6 ойга хорижга чиқиш учун бериладиган рухсатнома ўрнига 10 йил амал қилувчи биометрик паспорт, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ўрнига ИД-карта жорий этилди.
Фуқароларнинг паспортни расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш каби хизматларни олиш учун кунлаб ички ишлар органи биноси олдида навбатда туриш амалиётига чек қўйилди ва ушбу хизматлар Давлат хизматлари агентлиги орқали ҳам кўрсатилмоқда.
Янги автомашиналар учун бир йиллик мажбурий техник кўрик бекор қилинди, талабгор давлат рақам белгиларини ауксион тартибида харид қилишга рухсат берилди.
Коррупсион омилларни камайтириш мақсадида йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон қабул қилиш, техник кўрикдан ўтказиш бўйича хизматлар тадбиркорлик субъэктларига берилди.
Фуқаролар орасида салбий ном чиқарган «Жаслиқ» ва «Тоштурма» колониялари тўлиқ тугатилди. Маҳкумларни сақлаш жойлари ва маҳкумлар сони бўйича маълумотлар очиқланди, уларга сайлаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта олиш, касб эгаллаш, таълим ва сифатли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи берилди. Ўзининг қилмишидан чинакам пушаймон бўлган 5 мингдан зиёд фуқаро инсонпарварлик тамойили асосида афв этилди.
Жиноятларни фош этиш ва жамоат хавфсизлигини инсон омили таъсирини истисно этган ҳолда, таъминлаш тизимига ўтилди. Шу мақсадда «гезелла ойнаси» билан жиҳозланган ва видеоконференсалоқа тизимига уланган 44 та махсус тергов хонаси ташкил этилди. Тергов ҳаракатларини қайд этувчи 1324 та ва қамоқда сақлаш жойларида 5 мингдан ортиқ видеокузатув мосламаси ўрнатилди.
Ички ишлар органларига келтирилаётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли таъминлаш учун жами 382 та сўровхона ташкил этилиб, келтирилган ҳар бир фуқаро билан суҳбатларни видеокамераларга узлуксиз ёзиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.
Жамоат жойларидаги вазиятни кузатиб бориш учун 16 та ситуацион вазиятлар маркази ташкил этилиб, уларга кўчалар, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объэктларга ўрнатилган 100 мингдан зиёд видеокамера ва 8 мингдан ортиқ тезкор чақирув тугмаси интеграция қилинди.
Йўл-патрул ва патрул-пост хизмати ходимлари 6100 та бодикамера, 179 та алкотестер, ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи 6874 та планшет билан таъминланди. Мазкур ишларнинг барчаси ички ишлар органлари ходимларининг юқори профессионаллик билан хизмат ўташи, аҳолининг кунлик муаммолари билан ҳамнафас бўлишини таъминлашга қаратилди.
Айтиш жоизки, илгари ҳудудларда содир этилган жиноятлар ва йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида аҳолига ҳеч қандай маълумотлар берилмасди. Эндиликда ҳар бир раҳбар ва профилактика инспектори вакиллик органларига ҳисобот бериши тизими йўлга қўйилиб, жиноятларнинг сабабларини «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш амалиётига ўтилди.
Тизим фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш учун 21 та веб-сайт, ижтимоий тармоқларда эса 78 та расмий саҳифа юритилмоқда. Улар орқали ҳар куни 1,6 миллиондан зиёд доимий фойдаланувчига маълумотлар тақдим этилмоқда.
Қисқа давр ичида ички ишлар органларининг моддий-техник базаси янгиланди, хизмат шароитлари яхшиланди. Сўнгги йиллар мобайнида тизимда 241 та хизмат уйи қурилди,
2 245 та хонадон олиш учун ипотека кредити расмийлаштирилди, 79 та замонавий маъмурий бино барпо этилди.
Ходимларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг ойлик маошлари оширилди, хизмат вақтида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандларига ўқишга кириши учун алоҳида квоталар ажратилди. Ички ишлар органлари фахрийлари ва уларнинг оила аъзоларига арзонлаштирилган нархда тиббий-ижтимоий ёрдам олиш имконияти яратилди.
Ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, жиноятчиликка қарши курашишнинг янги моделлари амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Миллий гвардия билан бирга 3 сменали патруллик хизмати йўлга қўйилиб, жуғрофий жиҳатдан мураккаб вилоятлар минтақаларга бўлиниб бошқариладиган бўлди.
Россия, Қозоғистон, Германия каби мамлакатларнинг ижобий тажрибасига таянган ҳолда, ўзига хос муниципал полиция сифатида маҳаллий буджет ҳисобидан 41 та ички ишлар бўлинмаси фаолияти йўлга қўйилди. Кўплаб хорижий мамлакатларда тўлақонли фаолият юритаётган туризм полицияси, экология полицияси, пробация, киберхавфсизликни таъминлашга ихтисослашган бўлимлар ташкил этилди.
Интерпол ва Европол каби халқаро ташкилотлар ҳамда 78 та давлат полицияси билан ҳамкорлик мустаҳкамланди.
Ёш авлодни болалигидан бошлаб Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш учун ҳар бир ҳудудда 14 та академик лицей, Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган мактаб-интернат, Нукусда эса «Темурбеклар мактаби» очилди.
Ходимларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жорий йилдан бошлаб янги узлуксиз «ўқув-карера» тизими амалиётга татбиқ этилди. Энди ходимлар навбатдаги унвон олиш ёки янги лавозимга тайинланишдан аввал Малака ошириш институтида сайёр, масофавий ёки кундузги мажбурий малака ошириш курсларида ўқийди.
Раҳбарлар захирасини яратиш учун ҳар йили 150 нафар ходимнинг вазирлик академиясида ташкил этилган икки босқичли магистратурада таҳсил олиш тизими яратилди.
Мамлакатимизда хавфсизлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, «Тҳе wорлд жустиcе прожеcт» халқаро нодавлат агентлиги томонидан 2021 йил учун берилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон «Тартиб ва хавфсизлик» индикатори бўйича дунёда 139 мамлакат ичида 16-ўринни, Осиё қитъасидаги 27 давлат орасида 4-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллаган. Бу ҳам мамлакатимизда хавфсиз шароитлар яратилганидан далолат беради.
Бироқ бу рақамлар хотиржамликка берилишга сабаб бўла олмайди. Шунинг учун ҳам келгусида ички ишлар органлари тизимини чинакам халқчил профессионал тузилмага айлантириш борасида бир қатор вазифаларни амалга ошириш лозим бўлади.
Биринчидан, турли ижтимоий муаммолар боис, жиноятга қўл уриши мумкин бўлганлар, илгари судланганлар, гиёҳвандлар, уюшмаган ёшлар, девиант хулқ-атвордаги ўсмирлар каби шахслар тоифаси билан «маҳаллабай» тарзда ишлаш амалиёти янада жадаллаштирилади.
Бунинг доирасида ички ишлар органларининг хизмат фаолиятига хос бўлмаган функсия ва тузилмаларини тўлиқ мақбуллаштириш, янгича ишлаш амалиёти, шу жумладан, ювенал профилактика кластери, аҳолига психологик хизмат кўрсатиш кабиларни йўлга қўйиш орқали тизимни ҳар бир оилага янада яқинлаштириш чоралари кўрилади.
Иккинчидан, аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш ва ортиқча сарсон бўлиш ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида фуқароларни яшаш жойи бўйича электрон ҳисобга олиш, паспорт соҳасидаги хизматларни ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларга уйга бориб кўрсатиш амалиёти ҳаётга татбиқ этилади.
Учинчидан, жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини бодикамера ёрдамида назорат қилиш ҳамда мобиллигини ошириш орқали уни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, автомобил йўлларида ҳаракатланиш учун хавфсиз шароитларни яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Тўртинчидан, тизим ходимларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларининг қатъий тартиби белгиланади ҳамда кунлик хизмат фаолиятини профессионаллик даражаси ва ижтимоий фикр асосида баҳолаш бўйича таъсирчан тизим жорий этилади.
Бир сўз билан айтганда, янги ички ишлар органларини яратиш учун барча зарурий чоралар кўрилади. Мақсадимиз аниқ – Ўзбекистонда тинч-осойишта ҳаётни таъминлаш, фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқларини, хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш.
