Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ички ишлар органлари ходимлари ҳамда жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш, худудларда амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳ аъзолари вилоят худудида секторлар кесимида амалга оширилаётган ишлар, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари хизмат фаолияти, у ерда ходимлар учун яратилган шароитлар, жиноятчиликнинг таҳлилий натижалари, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби ҳамда уларни ижобий ҳал этиш борасидаги фаолият билан яқиндан танишишмоқда.

 Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Хива туманида бунёд этилаётган туман ички ишлар бўлими биносини кўздан кечиришди. Вазир қурилиш лойиҳаси билан танишар экан, ички ишлар органлари ходимлар учун яратилаётган шароит ҳамда қулайликлар билан танишди. Шунингдек, маъмурий бино қурилишида меҳнат қилаётган қурувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрлари билан қизиқди. Зарур маслаҳатлар, тавсиялар берди.

Шундан сўнг Хива шаҳрида бунёд этилаётган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси маъмурий биноси кўздан кечирилди. Бу ерда ходимлар учун зарур қулайликлар яратиш, инновасион технологияларни кенг жорий этиш, маъмурий бино худудида сайёҳлар учун хорижий тилларда зарур маълумотлар базасини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.    

Хива шаҳар ИИБ биносида шаҳар ва туман тўртта сектор раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ички ишлар вазири жойларда амалга оширилаётган ишларга тўхталар экан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашишда ҳуқуқ-тартибот органлари билан жамоатчиликнинг яқин ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, жиноят содир қилишга мойил бўлган шахслар билан профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш алоҳида эътибор қаратди.

“Маҳаллабай”, “Хонадонбай”, “Фуқаробай” тизимида амалга оширилаётган ишларни янада самарали ташкил этиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишлардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур топшириқлар берилди.

ИИВ Ишчи гуруҳининг вилоят худудидаги хизмат сафари давом этмоқда.

 

  Худойберган ЖАББОРОВ,

 “Постда” мухбири.

 Хоразм вилояти.