Ижод аҳли билан суҳбат инсонда мутолаага бўлган қизиқишни оширади. Чунки уларнинг ҳар сўзида маърифат, олам-олам маъно мужассам бўлади. Шу боис ҳам ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД шахсий таркиби билан “Маънавият ойлиги” доирасида бир гуруҳ ижодкорлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирга “Тонг юлдузи” газетаси, “Ғунча” ҳамда “Гулхан” журналлари бош муҳаррирлари Феруза Одилова, Дилфуза Шомаликова ва Заҳро Ҳасанова таклиф этилди.
Асосан болалар учун мўлжалланган мазкур нашрлар эртамиз эгалари бўлган кичкинтойларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишлари, илм- маърифатга меҳр қўйишларига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Кўпчилигимизнинг болалик хотираларимиз қарийб 95 йилдан буён ўз ўқувчиларининг меҳрини қозониб келаётган “Тонг юлдузи” газетаси билан боғлиқ. Газета бош муҳаррири Феруза Одилова сўзга чиқиб, “Тонг юлдузи” ҳатто Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам чоп этилишдан тўхтамаганини айтиб ўтди. Шунингдек, бугунги кунда газетхонлик, журналхонликка бўлган муносабат қониқарли даражада эмаслиги ҳам таъкидланди.
Тадбирда “Гулхан” журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова ўзининг ажойиб ижод намуналаридан ўқиб берди. Шоиранинг қаламига мансуб, кичкинтойлар учун ёзилган қувноқ ва ибратли шеърлар ходимларнинг олқишига сазовор бўлди. Шахсий таркиб ижодкорлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш баробарида, матбуот нашрларини янада оммабоп, қизиқарли қилиш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Садриддин ХАЙРУЛЛАЕВ,
ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД
Ахборот хизмати катта мутахассиси,
катта сержант.
